Футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар жамоаси қанот яримҳимоячиси Аббос Файзуллаевнинг ота-онасига Умра сафарига йўлланма совға қилинди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 21 март куни Гулистон шаҳрида ўтказилган Наврўз байрамида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев сўзга чиқиб, вилоят аҳлини айём билан табриклади.

Тадбир давомида футбол бўйича U-20 Осиё кубоги ғолиби, чемпионатнинг «Энг яхши футболчиси» сирдарёлик Аббос Файзуллаевнинг ота-онасига вилоят аҳли номидан Умра сафарига йўлланма совға қилинди.

Акмалжон Махмудалиев футболчининг отаси Саиджон Қодиров ва онаси Гулчеҳра Қодировага йўлланмани топширди.

«Мана шундай фарзандни тарбиялаган сизларга катта раҳмат. Вилоят жамоатчилик кенгаши билан ўйлаб-ўйлаб, 2023 йил апрель ойида Умра сафарига бориш учун сизларга йўлланма беришга қарор қилдик», — деди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги U-20 Осиё кубоги финал учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлганди. Учрашув «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган. 21 март куни эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчи ва мураббийларига «Президент совғаси» ёзуви туширилган Gentra автомобиллари топширилган.