Ўзбекистонда 2023 йилда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янгича механизм асосида 6,2 трлн сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Хусусан, боғдорчилик субъектларининг айланма маблағларини тўлдириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳисобидан 700 млрд сўм йўналтирилади. Аҳолига ажратилган ер майдонларига кўчат, уруғлик, ўғит ва техника етказиб бериш учун 500 млрд сўм ажратилади.

«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ихтиёридаги 130 млн доллар маблағ биринчи марта банкларсиз тўғридан-тўғри тадбиркорларга ажратилади. Яъни бунда банк устамаси бўлмайди ва тадбиркорга бозорга қараганда анча кредит олиш имконияти яратилади», — деди давлат раҳбари. Ушбу маблағлар сўмда 10 йилгача муддатга берилади. «Олдин биз бермаган эдик», — дея таъкидлади у.

Шу билан бирга, интенсив боғ, токзорлар, логистика объектларини тайёр ҳолатда қурибб, тадбиркорларга лизинг асосида бериш тизими ҳам яратилади.Тадбиркорлар 20 фоизни олдиндан тўлайди ва қолган 80 фоизини 10 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлайди.

Бунда тадбиркорлар ўз лойиҳаларини вазирлик шаффоф электрон платформаси орқали тақдим қилади. Вазирлик лойиҳаларни тўғридан-тўғри ўзи молиялаштиради.

2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш физик ҳажмда 6,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, жорий йилнинг январь-февраль ойларида 1,8 фоизга пасайиш кузатилди (январь ойида об-ҳавонинг аномал совуқлиги ҳамда электр ва газ таъминотидаги узилишлар фонида ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 8 фоизга пасайиш кузатилди).