Кучли ёмғир ёғиши оқибатида Паркент тумани Қизилтоғ шаҳарчаси атрофидаги адирликларда қолиб кетган 47 нафар фуқаро қутқарилди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

20 март куни республиканинг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши кузатилди. Соат 19:30 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига фуқаролар томонидан келиб тушган хабарга кўра, Паркент тумани Қизилтоғ шаҳарчаси атрофидаги адирликларга ўз автомобилларида дам олиш мақсадида борган фуқаролар кучли ёмғир ёғиши оқибатида адирликларда қолиб кетгани ва пастга туша олмаётганини айтиб, уларга ёрдам кераклигини маълум қилган.

Хабарга асосан, айтилган манзилга қутқарувчилар 7 та махсус техника билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган.

Амалга оширилган ҳаракатлар натижасида қутқарувчилар томонидан дам олувчиларнинг 13 та енгил турдаги автоуловлари ҳамда 47 нафар фуқаро хавфсиз жойга олиб тушилган. Юзага келган вазият оқибатида ҳалок бўлган ва тан жароҳат олган фуқаролар йўқ.