Наврўз — Ўзбекистонда кенг нишонланадиган умумхалқ байрамларидан бири. Ўзбекистонликлар кетма-кет беш кун дам оладиган учта байрам бўлса, шулардан бири ҳам Наврўздир. Лекин мамлакатнинг сўнгги бир асрлик тарихида ҳар доим ҳам бундай бўлмаган ва ҳатто маълум бир вақт уни давлат даражасида тақиқлашга ҳам ҳаракатлар бўлган. Ўзбекистонда Наврўз 1990 йилдан ҳақиқий маънода умумхалқ байрамига айланган.

«Газета.uz» 1991−2011 йилларда Тошкентда ташкил этилган асосий Мустақиллик ва Наврўз байрамлари режиссёри Рустам Ҳамидов ва 1991−2001 йиллардаги асосий давлат байрамлари ташкилотчиларидан бири ҳисобланган Усмон Қорабоев билан суҳбатлашиб, давлат даражасидаги дастлабки Наврўз тантаналари қандай ўтгани ва биринчи президент Ислом Каримовнинг бу байрамга муносабати қандай бўлгани ҳақида маълумот олди.

Тақиқланган Наврўз

Совет даврида Наврўзга муносабат ўзгариб турган. Масалан, совет ҳокимияти илк ўрнатилган ва «Дин — афюндир» дея динга қарши фаол ташвиқот олиб борилган даврларда миллий байрам ҳисобланган Наврўзга ҳам «диний байрам» сифатида баҳо берилиб, у эскилик сарқити сифатида қораланган. Кейинроқ, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг эса вазият бирор мўътадиллашиб, умумреспублика миқёсида бўлмаса ҳам, айрим ҳудудларда байрам муносабати билан сайиллар, тантаналар, халқ ўйинлари уюштирилган. Байрамшунос Усмон Қорабоев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда совет даврида шахсан ўзи Ургут, Фориш каби туманларда ташкил этилган шундай шодиёналарда қатнашганини таъкидлайди.

Усмон Қорабоев президент Ислом Каримов билан. Фото: Усмон Қорабоевнинг шахсий архивиданУсмон Қорабоев президент Ислом Каримов билан. Фото: Усмон Қорабоевнинг шахсий архивидан

Аммо 1980 йилларда бошланган «қайта қуриш» даврида Наврўзни тақиқлашга ростмана ҳаракат бошланган. «Афсуски, кўп жойларда сумалак қилинаётган дошқозонларни ағдариб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилган. Саллани олиб кел деса каллани оладиган кадрлар кўп эди. Эсимда, 1986−1988 йилларда Наврўзга қарши қаттиқ кураш олиб борилган. Наврўзни йўқ қилиб, унинг ўрнига бошқа („Навбаҳор“ номли) байрамни жорий этиш ғояси илгари сурилган», — дейди байрамлар бўйича мутахассис.

1987 йили Тошкентда «Миллий социалистик урф-одатлар ҳаётга» мавзусида бутуниттифоқ конференцияси ўтказилган. Усмон Қорабоев ўша тадбир маълум даражада маданий жангга айланиб кетганини хотирларкан, бошқа республикалардан, айниқса, Москвадан келган делегатларнинг аксарияти халқ байрамига қарши нутқ сўзлагани, Ўзбекистон Компартиясиинг мафкура бўйича масъуллари эса аҳолидан Наврўзга қарши кўплаб хатлар келиб тушаётганини таъкидлаганини тилга олади.

«Ўшанда бизникилар ҳам сўзга чиқиб, Наврўзни тақиқламасликни талаб қилиб, бу диний байрам эмаслигини таъкидлаган», — дейди Усмон Қорабоев. Конференциядан сўнг у ва бошқа бир қанча мутахассислар Ўзбекистон Фанлар академиясига бориб, у ерда академия вице-президенти Эркин Юсупов билан Наврўз масаласида суҳбатлашган. Суҳбат давомида Юсупов бу масала бўйича диний қўмитага хат ёзгани, қўмита «Наврўз — диний байрам эмас», дея жавоб берганини, ўша хат ва мутахассисларнинг фикрларини жамлаб, ҳукуматга мурожаат қилишини, бу масалани шундоқ қолдириб бўлмаслигини айтган.

«Шундан кейин бу жараён қандай ва қай даражада кечганидан хабарим йўқ. Билганим шуки, 1989 йилдан раҳбариятнинг Наврўзга нисбатан муносабати бироз юмшаб, ижобий томонга ўзгарган», — деб эслайди байрамшунос Қорабоев.

Ленин майдонида ўтган биринчи Наврўз

Ўзбекистон раҳбарияти Наврўзга республикага Ислом Каримов раҳбар бўлгач катта аҳамият қарата бошлади, деб ҳисоблайди Усмон Қорабоев. «Бу халқнинг қадрияти ва ишончини тиклаш деган гап эди», — дейди у.

1990 йили Наврўз нафақат чекка ҳудудларда, балки Тошкентда ҳам кенг нишонланган. «Пойтахтнинг Хадра, Бешёғоч, Кўкча каби ўнлаб гавжум жойларда, катта-катта майдонларда сайил-концертлар уюштирилган, турли қизиқарли ўйинлар намойиш этилган. Хадрадан йўлга чиққан карвон Халқлар дўстлиги саройигача ўйин-кулги қилиб кетган. Жуда қизиқ ва файзли тадбир бўлганди», — дейди Қорабоев. Телевидениеда кун давомида Наврўз телемарафони тўхтамаган.

Орадан бир неча ой ўтиб, 1990 йил 3 май куни Ислом Каримов Наврўзни умумхалқ байрами, 21 мартни эса дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Айнан шу фармон асосида келаси йили — 1991 йилнинг 21 март куни Тошкентда илк бор асосий Наврўз тантаналари ташкиллаштирилган. «Совет Ўзбекистони» газетасининг 1991 йил 23 март сонида берилган хабарга кўра, тадбир «Ўзбекистон пойтахтининг юраги бўлган Ленин номли марказий майдон» (ҳозирги Мустақиллик майдони)да ўтказилган.

«Совет даврида иккита катта байрам бўларди: 1 май — Меҳнаткашлар куни ва 7 ноябрь — Инқилоб куни. Ўзбекистон ҳали мустақил деб эълон қилинмаган вақтда Ленин майдонида биринчи Наврўз байрамини ўтказдик. Бунгача кўплаб спектаклларни саҳналаштирган, хорижда ўтган Ўзбекистон санъати ва маданияти кунлари ва бошқа оммавий тадбирларда режиссёрлик қилганман. Аммо республика раҳбарияти иштирокида илк бор нишонланган Наврўзда „тадбир қандай ўтаркин?“ деган хавотир бўлган, албатта. Жиддий тайёргарлик кўрганмиз», — дейди биринчи байрам режиссёри Рустам Ҳамидов.

Усмон Қорабоев ҳам ўшанда ҳаяжон жуда кучли бўлганини таъкидлайди. «Ўша байрамда сценарий гуруҳи раҳбари эдим. Бош томошада коинот ва табиат қонунлари асосида қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, баҳорги кун билан тун тенглиги, табиатнинг жонланиши, далаларда иш бошланишига оид ғоялар ўз аксини топган. Декорация учун турли вариантлар ишлаб чиқилган ва охири Тошкентнинг 12 дарвозасини қуриш ҳамда қадимги шаҳар рамзини яратишга қарор қилганмиз. Томоша бошида майдонга Гул, Наврўз, Баҳорой, Деҳқон бобо каби рамзий ҳамда Беруний, Навоий каби каби тарихий сиймолар, санъаткорлар, созандалар ва карвонлар турли дарвозлардан кириб келган», — дейди у.

Байрам ўша вақтларда Ҳиндистон, Бразилия, Хитой каби мамлакатларда ўтказилган оммавий тадбирлар каби карнавал тарзида, театрлаштирилган кўринишда ўтказилган. «Байрам баҳона совет даврида унутилган кўплаб анъаналарни тиклашни мақсад қилиб, тадбир дастурига халқ оғзаки ижоди, эски жанрларни киритишга ҳаракат қилганмиз», — дейди режиссёр Ҳамидов. Биринчи байрам учун овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари Россиядан ижарага олиб келинган. Байрам охирида четдан ижарага олиб келинган иккита катта ва юзлаб кичик шарлар ҳавога кўтарилган.

«Ислом Каримов Наврўзни яхши кўришига ўша куни ҳам гувоҳ бўлганмиз. Чунки мен ва режиссёр Рустам Ҳамидовдан „тадбирни тезроқ бошламайсизларми?“, „катта шарлар қачон учирилади?“, деб сўрагани ҳалигача эсимда. Тадбирни катта ҳаяжон билан кузатган. Аммо нутқ сўзламаган. Наврўзда нутқ билан чиқиб, табрик йўллаш 2−3 йилдан кейин анъанага айланганди», — дейди Усмон Қорабоев.

Тантана соат 10:00 да бошланиб, икки соатча давом этган. Президент Каримов Ленин ҳайкали пойида шунча вақт республиканинг бошқа раҳбарлари билан бирга тик турганича, байрамни охиригача томоша қилган. «У тадбирдан сўнг биз, ташкилотчилар билан қисқа суҳбатлашиб, Наврўз тиклангани, байрам зўр ўтганини айтиб, хурсандлигини билдирганди. Шундан бери Наврўз Ўзбекистонда асосий байрамлардан бири, ҳар йили катта тантаналар билан нишонланяпти», — дейди байрамшунос.

«Совет Ўзбекистони»даги хабарда қўшимча қилинишича, тадбирдан сўнг президент Каримов «шу куни тошкентликлар кўп марта учрашган», «жумҳуриятнинг бошқа раҳбарлари билан бирга Наврўзда кўчат ўтқазишдек кўҳна анъанага кўра Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) ноҳиясида нав-ниҳоллар ўтқазган».

Оқ фотиҳа ва «келин салом»

Президент Ислом Каримов МДҲ давлат раҳбарларининг Киевдаги мажлисига жўнаб кетгани боис Тошкентда ташкиллаштирилган 1992 йилги асосий Наврўз тантаналарида қатнаша олмаган. Алишер Навоий номидаги Миллий боғда бўлиб ўтган байрамда бош вазир ўринбосари Эркин Самандар президент табригини ўқиб эшиттирган, Тошкент ҳокими Адҳамбек Фозилбеков пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини байрам билан қутлаган.

Мустақиллик йилларида президент Ислом Каримов иштирокидаги илк Наврўз байрами 1993 йилда бўлиб ўтган — ўшанда тантаналар Халқлар дўстлиги санъат саройи олдидаги майдонда ташкил этилган. Тадбир бошида Ўзбекистон халқ артисти Ориф Алимахсумов сўзга чиқиб, оқ фотиҳа берган ва барчани байрам билан қутлаган. Ислом Каримов сўзга чиқмаган.

Халқлар дўстлиги майдонининг ён тарафларида халқ ўйинлари, қизиқарли мусобақалар, тортишувлар, дорбоз, полвон ва масхарабозларнинг чиқишлари ўтказилган, миллий маросимлар намойиш этилган. Марказий саҳнада эса театрлаштирилган томошалар қўйилган. Ана шундай томошаларда Сурхондарёнинг «Бойсун», Андижоннинг «Сумалак», Самарқанднинг «Бешқарсак», Бухоронинг «Нозанин» ансамбллари халқ анъаналари, ўйин ва томошаларини саҳнада кўрсатган.

«Байрам дастури бўйича болалар майдонда қўшиқ айтиб, рақс тушган. Қўшиқ ижро этаётган қизалоқ гул кўтариб, раҳбарият ўтирган жойга борган. У Ислом Абдуғаниевичга қўлидаги гулни бермоқчи бўлганида, президент қизчани кўтариб олган. Ислом Каримов жуда болажон одам эди. Тадбирда бир қанча қизчаларни кўтариб, уларнинг қўлидаги гулларини олган», — дейди Усмон Қорабоев.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 23 март сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 23 март сонидан

Байрамга шу куни никоҳ тўйи бўлаётган келин-куёвлар ҳам таклиф этилган. Уларни байрамнинг Она табиат, Наврўзбек ва Гулбаҳор каби рамзий қаҳрамонлари қутлаб, бахт тилаган. Байрамшунос Усмон Қорабоевнинг қўшимча қилишича, мана шу маросимлар орасида «келин салом» маросими ҳам ўтказилган. Миллий либослардаги момолар Ўзбекистон раҳбарияти ўтирган жойга бориб, нон ва сумалак улашган, исириқ тутатган ва уларнинг ҳар бирига, хусусан, президент Ислом Каримовга ҳам «келин салом» қилинган.

ислом каримов, наврўз

Режиссёр Рустам Ҳамидовнинг таъкидлашича, Наврўзнинг давлат даражасида ўтказилиши масъулиятни жуда оширарди. «Кўп изланардик, узоқ-узоқ ҳудудларга чиқиб, талантларни қидирардик. Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Жуманиёз Жабборов, Мирсодиқ Тожиев, Мустафо Бафоев, Анор Назаров сингари профессионал шоир ва композиторлар билан ҳамкорликда пухта асарлар яратардик», — дейди у.

«Республикадаги истеъдодли ёшларни юзага чиқариш мақсадида бир қанча кўрик-танловлар ўтказиларди. Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, рақслар ва бошқа йўналишларда ташкил этилган танловларда кўплаб йигит-қизлар кашф этиларди. Ана шундай баҳсларда қатнашиб, ғолиб ёки совриндор бўлганларни Наврўз, Мустақиллик каби давлат байрамларида ҳам катта саҳналарга олиб чиқардик», — дейди режиссёр.

Рустам Ҳамидов.Рустам Ҳамидов.

«Шунингдек, вилоятлардаги маданият клубларида кастинглар уюштириларди, ҳакамлик қилиш учун Тошкентдан мутахассислар юборардик. Улар маданият уйлари раҳбарлари билан истеъдодли ҳаваскор хонанда, созанда ва раққосаларни танлаб, олиб келарди. Бу ерда улар билан профессионал санъат вакиллари бир ой давомида шуғулланарди, бу эса ҳаваскорларга мактаб ҳам бўларди», — дея қўшимча қилди Рустам Ҳамидов.

Фотосуратлар Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви ва Ислом Каримов фондидан олинди.

Тузатиш: Мақоланинг биринчи таҳририда 1993 йилги Наврўз тантаналари тафсилотлари хатолик сабаб 1992 йилги байрам тафсилотлари сифатида баён қилинган эди. Бу хатолик учун муштарийлардан узр сўраймиз. YouTube’даги Islam Karimov каналидан олинган ва мақолада фойдаланилган бир ярим соатлик видеода ҳам аслида 1993 йилги байрам кўрсатилган. 1993 йилги байрам «Мустақил Ўзбекистонда илк Наврўз байрами» эмас, балки мустақил Ўзбекистонда президент Ислом Каримов иштирокида бўлиб ўтган илк Наврўз байрамидир.