Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 13 мартдан Россия ва Грузия чегарасида ишлаб турган ягона «Юқори Ларс» (Верхний Ларс) назорат-ўтказиш пунктида реконструкция бошлангани муносабати билан йўлакларнинг аксарияти ёпилгани сабабли миллий юк ташувчиларга мурожаат билан чиқди.

Айни дамда назорат-ўтказиш пунктида юк машиналари учун ташкил этилган 11 та йўлакдан фақатгина 6 таси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўлаклар орқали юк ташувлари реверс режимида амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан миллий ташувчилар Ўзбекистондан Грузия, Озарбайжон ва Туркияга юк ташувларини амалга оширишни режалаштирганда юқоридаги жиҳатни эътиборга олишларини сўралди.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, ҳозирда Россия ва Озарбайжон ўртасида Яраг-Казмаляр, Тахиркенд-Казмаляр, Ново-Филя назорат-ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Беларусь билан чегарадаги назорат пунктини вақтинча ёпгани учун миллий ташувчилардан Европага юк ташувлари жараёнида ушбу ҳолатни инобатга олишларини сўралганди.