17 март куни Бухоро вилояти суди биносида 2022 йил 1−2 июль кунлари Нукусда оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчига нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилади, дея хабар бермоқда комиссия матбуот хизмати.

Судда Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари омбудсман Феруза Эшматова бошчилигида қатнашмоқда. Улар суд раисидан айбланувчиларга жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойиллари асосида, уларнинг содир этган қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон экани, ўзига тўғри хулоса чиқаргани, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, оилавий шароити ва ижтимоий ҳолатини эътиборга олиб, адолат мезонларига мувофиқ жазо тайинланишини сўради.

«Мустақил комиссия сўнгги йилларда суд тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга таянган ҳолда айбланувчиларга нисбатан адолатли ва одил қарор қабул қилинишига ишонади», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, бу Нукус ва Қорақалпоғистон вилоятларидаги воқеалар бўйича иккинчи суд жараёнидир. Биринчи суд жараёни 31 январь куни якунланди, судланувчилар курсисида 22 киши бор эди. Улардан тўрт нафарига бир неча йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди, қолганлари 3 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум этилди.