Қашқадарё вилоятида аёл ва у билан ишқий муносабатда бўлган эркакни қамчилаб калтаклаган ҳамда сочини кесиб ташлаган 4 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Таъкидланишича, Бердимурат Юсупов фарзандлари — Рустам, Элбек ва Ҳусан Юсуповлар билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар сифатида жиноятга қўл уради. Аниқроғи, Бердимурат Юсупов ўғли Ҳасан Юсуповни фуқаро М.Қ. билан ишқий муносабатда юрганини сезиб қолиб, улар орасидаги муносабатга чек қўйишни мақсад қилади.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 2022 йилнинг 9 июль куни тахминан соат 23:30 ларда Элбек ва Ҳусан Юсуповлар отасининг топшириғи билан Яккабоғ туманидаги «Янгиҳаёт» МФЙда яшовчи фуқаро М.Э.нинг яшаш хонадонига боради. У ерда укалари Ҳасан Юсупов ва М.Қ.ни ушлаб, уришади ва судраб ота уйларига олиб боришади. Кейин ғайриқонуний равишда ҳар иккисининг қўл-оёқларини арқон билан боғлашади ҳамда сочларини олиб ташлаб, кал ҳолатга келтиришади. Аввал қамчи билан савалашади, сўнг қўл ва оёқлари билан тепиб, уришади. Уларга жисмоний куч ишлатиш жараёни 10 июль куни соат 06:00 ларга қадар давом этади.

«Sevimli» телеканалининг «Замон» информацион дастурида айтилишича, тонгача давом этган зўравонлик дарвоза таққилаши ортидан тўхтайди. Шу пайтда уйдаги аёллардан бирининг раҳми келиб, яримжон ҳолатдаги жабрланувчининг арқонини ечиб юборади. Дераза орқали кўчага қочиб чиққан аёл яқин орадаги савдо дўкони олдига бориб, ерга йиқилади.

Яккабоғ туман суд-тиббий экспертиза бўлинмаси хулосасига кўра, М.Қ.га соғлиғини қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига олиб келган енгил шикаст, Ҳасан Юсуповга эса соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил шикаст етказилган.

Қашқадарё вилоят судлари ахборот хизматининг маълум қилишича, судланувчилар — Бердимурат Юсупов ва унинг ўғиллари Рустам, Элбек ва Ҳусан Юсуповлар ўзларининг ушбу жиноий ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми «а» бандида (Жисмоний азоб бериб, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани суди раиси Низом Маҳмудов раислигида ўтган суд мажлисида жабрланувчилар Ҳасан Юсупов ва М.Қ.лар сўзга чиққан. Улар судланувчиларга нисбатан даъволари йўқлиги айтган.

Суд ҳукмига кўра, ота Бердимурат Юсупов ва унинг бир ўғли Ҳусан Юсуповга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Рустам Юсупов 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Элбек Юсуповга эса Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми «а» банди билан шу кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.