Ижтимоий тармоқларда 4 нафар фуқаро аёл кишини калтаклаб, сочини кесиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ муносабат билдири.

Таъкидланишича, воқеа 9 июль куни соат тахминан 23−30 ларда Яккабоғ тумани, «Янгиҳаёт» МФЙда яшовчи фуқаролар ўртасида содир бўлган. Унда фуқаролар Ю.Э, Ю.Б, Ю.Р ва Ю.Хлар келини Қ.М бошқа бир фуқаро Ю.Х билан «ишқий муносабатда бўлиб юрганлигидан ғазабланишган».

«Унинг оёқ-қўлини боғлаб, сочини кесиб ташлаб, танасини дуч келган соҳаларига қўл-оёқлари ва қамчи билан муттасил равишда уриб, қийнаб, жисмоний азоб бериб тан жароҳати етказишган», — дейилади хабарда.

Натижада Қ.М. тан жароҳати олиб, Яккабоғ тумани Тиббиёт бирлашмаси шифохонасига тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ю.Э, Ю.Б ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 138-моддаси 2-қисми «а» банди (Жисмоний азоб бериб, зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Уларнинг айби суд мажлиси давомида ўз тасдиғини топса, гумондорлар 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.