Ижтимоий тармоқларда аёл ўз болаларини қийнаётгани акс этган видео тарқалиб, фойдаланувчилар эътирозига сабаб бўлмоқда. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолат Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Андоқсой қишлоғида содир бўлган.

«2000 йилда туғилган Х.У. айни дамда Россия Федерациясида бўлган эри билан ўртасида юзага келган келишмовчилик натижасида жахл устида, боласини қийнаб, тасвирга олиб турмуш ўртоғига юборган», — дейилади ИИБ ахборотида.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат тўлиқ ўрганилиб, фуқаронинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.