Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги «Довут-ота» чегара постида божхоначилар Россиядан Ўзбекистонга кириб келаётган иккита автомашинани кўздан кечириш чоғида газли ва пневматик қуроллар топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Cadillac автомобилини текшириш давомида Россия фуқароси божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларацияси тақдим қилинмаган 1 дона газли тўппонча, 9 дона тўппончанинг газ баллонлари, 1050 дона «Вистрел калибр 4,5 мм» номли дроблар ва 2 дона газли тўппонча учун кабураларни ўз эҳтиёжи учун олиб келаётгани аниқланди.

Худди шундай яна бир ҳолатда, «Довут-ота» чегара божхона пости орқали Россиядан кириб келган Ford машинасида Ўзбекистонда фаолият юритаётган МЧЖларнинг бирининг номига олиб келинаётган ҳалқаро курьерлик жўнатмалари божхона кўздан кечирувидан ўтказилди.

Натижада эса кузатув ҳужжатларида ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган оқ рангли полиетилен қоп ичида аввал фойдаланилган 1 дона қора рангли «4,5 мм (ВВ КАЛ)» ёзувли пневматик тўппонча борлиги аниқланди.

россия, пневматик қуроллар, тўппонча, божхона

Қонунчилик талабларига кўра, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш ва ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига кўра амалга оширилади.

Пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш, шунингдек, ҳудуд орқали транзит олиб ўтиш — қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.