Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги мониторинг миссиясида делегация раҳбари Вахю Вижаянто Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг лойиҳани амалга ошириш гуруҳи вакиллари билан учрашди, дея хабар бермоқда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати.

Учрашув давомида томонлар Қорақалпоғистоннинг мақсадли ҳудудларида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасининг бориши ва лойиҳа ташаббусларини амалга оширишдаги муаммоларни муҳокама қилган. Ундан кўзланган асосий мақсад маҳаллий аҳолининг фаол иштироки орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришдан иборат.

4 ҳудуд — Қорақалпоғистонда, Бухоро, Навоий ва Хоразмда лойиҳани амалга ошириш учун ИТБ жами 200 миллион доллар ажратган.️ Бугунги кунга қадар лойиҳа 113 та қишлоқни ривожлантириш режаларини ишлаб чиққан.

Улардан 31 таси Қорақалпоғистоннинг 5 та туманидаги 160 та ижтимоий инфратузилма объектларини яхшилашга қаратилган. Бунда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, электр таъминоти тизимини яхшилаш режалаштирилган.

«Лойиҳанинг кутилаётган таъсири қашшоқликни инклюзив қисқартириш ва барқарор ўсиш орқали иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш бўйича миллий ривожланиш мақсадига эришишга ҳисса қўшишдан иборат. Лойиҳа самараси қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш, иқтисодий ва даромад олиш имкониятларини яратишдир», — дейилади лойиҳа тавсифида.