Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 182 миллиард 386 миллион сўм миқдорида ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида комиссия аъзоси Адхам Ибодуллаев маълум қилди.

«Марказий сайлов комиссияси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда Референдум тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 182 миллиард 386 миллион сўм миқдорида ишлаб чиқди», — деди Ибодуллаев.

У маълумот тариқасида, 2019 йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда давлат бюджетидан 230 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилганини эслатиб ўтди.

«Мазкур харажатлар сметаси давлат бюджетида белгиланган маблағлар доирасида шакллантирилди ва ўрнатилган тартибда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилди. Харажатлар сметасини шакллантиришда референдум тўғрисидаги қонун талабларидан келиб чиқиб, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча маблағ талаб этиладиган жиҳатлар алоҳида ҳисобга олинди», — дея қайд этди Адхам Ибодуллаев.

Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати Конституциявий қонунни ва уни 30 апрелда умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллаганди.