Британиянинг The Economist журнали Россияга геосиёсий яқин давлатлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатни шакллантиришда дипломатик, ҳарбий, энергетика ва иқтисодиёт каби 11 та жиҳат асос қилиб олинган.

Февраль ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Ғарбнинг Россияни изоляция қилиш режалари барбод бўлганини» айтганди.

«Бир қарашда, Лавровнинг гапи тўғридек туюлади», — деб ёзади журнал. 23 февраль куни Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқинининг бир йиллигидан бир кун олдин 39 та давлат БМТнинг Россия ҳаракатларини қораловчи резолюциясини қўллаб-қувватлашдан бош тортди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари санкциялар киритганига қарамай, «Россия иқтисодиёти ва савдоси ҳайратланарли даражада яхши ҳолатда», — дейилади материалда.

Нашр томонидан турли мамлакатларнинг дипломатик, ҳарбий ва иқтисодий ҳаракатлари тўғрисида тўпланган маълумотлар «унчалик аниқ бўлмаган манзарани кўрсатмоқда». The Economist , шунингдек, ушбу маълумотларга асосланиб, ўз индексини «Путин дўстлари индекси» деб атади.

the economist, россияга дўст давлатлар, ўзбекистон

Рўйхатни шакллантиришда қуйидагиларга аҳамият берилган:

Биринчи фактор — дипломатик. Улар Россияга қарши овоз берганми, БМТнинг асосий резолюцияларида бетараф қолганми ёки бу резолюциялар учун камида икки марта Россияга ёқлаб овоз берганми?

Иккинчиси — ҳарбий. Улар Россия билан шартнома тузган иттифоқчиларми? Уларнинг ҳудудида рус қўшинлари ёки ёлланма аскарлар борми? Уруш бошланганидан бери улар Россияга қурол етказиб берганми?

Учинчиси энергетика ва иқтисодиёт билан боғлиқ. Улар Россия газига эҳтиёж сезадими? Россия атом электр станциялари ёки технологиясига боғланганми? Россия билан савдо ҳажми уларнинг умумий савдосида катта улушга эгами? Уруш бошлангач, Россияга экспорт миқдори ошдими?

Энг юқори кўрсаткични қайд этган давлатлар сифатида дастлабки ўринларда Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон келтириб ўтилган. Рўйхатга Эрон, Тожикистон, Қозоғистон, Сурия, Хитой, Венесуэла, Никарагуа, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳам киритилган.

Ўзбекистон фақатгина «Россиянинг дўстлари» индексида қайд этилган бўлиб, у ерда 12 давлат орасида 12-ўринни эгаллаган. Индексга кўра, Ўзбекистон Россияга қарши овоз бермаган, лекин БМТнинг асосий резолюцияларини қўллаб-қувватламаган, Россияга қурол етказиб бермаган, КХШТга аъзо эмас, февраль ойидан буён унинг ҳудудида Россия қўшинлари ёки ёлланма ҳарбийлари йўқ. 2022 йилда қўшма ҳарбий машқлар ўтказмаган.

The Economist нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Россиядан газ етказиб беришда экспорт ҳажмини оширган, унинг умумий савдодаги улуши 2022 йилда 17,9 фоиздан 18,6 фоизга ошган.

Мақолада таъкидланишича, ушбу мамлакатларнинг Россияга яқин эканига қарамай, Ғарб ҳамон улар билан муносабатларни мустаҳкамлашга умид қилмоқда.