Январ-февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда, дея маълум қилди Марказий банк бошқаруви 16 март кунги йиғилишда.

«Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтганлиги кузатилмоқда», — дея қайд этган Марказий банк.

Мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди 2023 йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашган.

Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлигини кузатилган, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратиши айтилган.

Ташқи иқтисодий шароитларда маълум даражадаги хатарлар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергетика ва озиқ-овқат секторидаги нархларнинг пасайиши таъсирида секинлашишда давом этди.

«Етакчи марказий банкларнинг инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий позициялари билан бир қаторда, халқаро банк соҳасида кузатилаётган вазиятлар фонида хавфсиз активларга бўлган талабнинг ошиши, молия ва хомашё бозорларидаги тебранувчанликни оширмоқда», — дейилади МБ хабарида.

Халқаро молия бозорларидаги қатъий шароитлар ва айрим савдо ҳамкорлардаги валюта курсларининг қадрсизланиши, бир томондан, ички иқтисодий фаолликни қўллаб қувватлашда ташқи ресурсларни қайта жалб қилишни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, валюта оқимларидаги номутаносибликларни кенгайтириб бормоқда.

Жаҳон озиқ-овқат бозорларида шаклланаётган нархлар ва кутилмалар, мамлакатимизга импорт қилинадиган товарлар бўйича қулай шароитлар юзага келишига асосларни яратмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат гуруҳларида импорт инфляциясининг оширувчи таъсирларини жиловловчи омил бўлиб хизмат қилади.

«Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-февраль ойларида ички иқтисодий шароитларда қисқа муддатли хатарлар таъсири қисман намоён бўлди. Январь ойи якуни бўйича чакана савдо, саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ўсиш суръатларида секинлашиш кузатилди. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани билан, ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан юқори бўлмоқда. Хатарларнинг вақтинчалик хусусияти ва ўз вақтида кўрилган чораларни ҳисобга олганда, биринчи ярим йиллик якунига бориб иқтисодий фаолликнинг мувозанатлашуви ва тармоқ кўрсаткичларининг тикланиши кутилмоқда», — дея қайд этган МБ.

Ижобий реал фоиз ставкаларининг шаклланиши миллий валютадаги муддатли депозитларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсишига хизмат қилмоқда. 2023 йилда миллий валютада ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тезлашиши иқтисодий фаоллик кўрсаткичларининг тикланишига ижобий туртки сифатида баҳоланмоқда.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг иқтисодиётдаги ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этишини маълум қилди. Келгуси ҳаракатлар инфляция даражаси прогноз коридори доирасида шаклланишига, ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичга эришишга ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 апрелга белгиланган.