Туркия бир йил ичида зилзиладан жабр кўрган ҳудудлар инфратузилмасини тиклаш ниятида

Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдоған сешанба куни мамлакатнинг февраль ойида вайронкор зилзилалардан жабр кўрган жануби-шарқидаги инфратузилмани бир йил ичида тиклаш режалаштирилаётганини айтди, дея маълум қилди ТАСС.

«Зилзилалар Туркия иқтисодиётига жиддий зарар етказди. Биз бир йил ичида минтақа ва барча жабрланган аҳоли пунктлари инфратузилмасини тиклашни режалаштирганмиз. Бу жараёнда нафақат давлат, балки тадбиркорларнинг ҳам ҳиссаси муҳим», — деди Туркия раҳбари Истанбулда ташкил этилган 26-Евросиё иқтисодий саммити иштирокчиларига видеомурожаатида.


Парижда кўча тозаловчиларнинг иш ташлаши туфайли 6000 тоннага яқин чиқинди тўпланди

Францияда пенсия ислоҳотига қарши чиққан кўча тозаловчиларнинг иш ташлаши туфайли Париж кўчаларида 6 минг тоннага яқин чиқинди тўпланиб қолган. Бу ҳақда сешанба куни Midi Libre газетаси хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, «Париж кўчаларида 6 минг тоннага яқин чиқинди тўпланиб қолган». Бунга 7 март куни бошланган кўча тозаловчиларнинг иш ташлаши сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда ахлат ишчилари пенсия ёшига қисқартирилган (62 ўрнига 57 ёш). Пенсия ислоҳотига кўра, уларнинг пенсия ёши 59 ёшга кўтарилади.


Moody`s АҚШ банклари прогнозини «салбий» дея баҳолади

Moody`s халқаро рейтинг агентлиги Америка банк секторининг кредит рейтингини «барқарор»дан «салбий»га ўзгартирди. Бу ҳақда 14 март куни маҳаллий CNBC телеканали хабар берди.

«Биз Silicon Valley Bank (SVB), Silvergate Bank ва Signature Bank (SNY) депозитлари чиқиб кетиши, шунингдек SVB ва SNY банкротлигидан сўнг тез ёмонлашаётган операцион муҳитни акс эттириш учун АҚШ банк тизими бўйича прогнозимизни барқарордан салбийга ўзгартирдик», — дейилади хабарда.

Хабарга кўра, Moody`s инвесторлар ишончининг пасайиши АҚШ банкларининг активларини бошқариш рискларида ҳам ўз аксини топмоқда, деб ҳисоблайди.


Непалнинг янги президенти қасамёд қилди

Непалнинг янги сайланган президенти Рам Чандра Поудел душанба куни қасамёд қилиб, беш йиллик ваколатини бошлади, дея хабар қилди Синьхуа агентлиги.

Президент девонида Рам Чандра Поуделнинг қасамёд қабул қилиш маросимини Бош судья вазифасини бажарувчи Ҳари Кришна Карки ўтказди. Рам Чандра Поудел Бидҳя Деви Бҳандаридан кейин президент этиб сайланди.

78 ёшли Р. С. Поудел 9 март куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида саккизта ҳукмрон партиядан номзод сифатида ғалаба қозонди ва Непалнинг учинчи президенти бўлди.


Россия дон шартномасини 60 кунга узайтиришга рози бўлди

Украина портларидан денгиз орқали дон экспорти бўйича келишув 60 кунга узайтирилди, дея хабар берди РИА Новости ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушкога таяниб.

жаҳон, дайжест

Бироқ Украина томони ўз ҳудудидан ғалла экспорти бўйича келишув охирги марта, 2022 йил ноябридаги каби камида 120 кунга узайтирилишини талаб қилмоқда, деб ёзади Euronews.

«Киев БМТ ва Туркиянинг расмий позициясини эшитишни истайди, бу келишувда муҳим транзит мамлакат ҳисобланади», — дейилади телеканал хабарида.

Туркия Мудофаа вазирлигига кўра, келишувни узайтириш бўйича музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда.


Алиев Қорабоғда собиқ озарбайжонлик қочқинларни жойлаштиришни маълум қилди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тўрт юздан ортиқ собиқ озарбайжонлик қочқиннинг Қорабоғга кўчирилишини эълон қилди, дея хабар бермоқда РИА Новости.

жаҳон, дайжест

«Келажакдаги асосий режаларимиздан бири Қорабоғнинг озод қилинган ҳудудларини тиклашдир… Ҳозирда замонавий Ливан майдонига тенг бу ҳудуд бутунлай вайронага айланган. Биз аллақачон дастур ишлаб чиққанмиз ва аллақачон биринчи синов лойиҳани амалга ошириб, тўрт юздан ортиқ собиқ қочқинларни жойлаштирдик. Яна юз минглаб собиқ қочқинларни жойлаштиришни режалаштирмоқдамиз», — деди Алиев Берлинда Германиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувда.


Молдовада мамлакатни беқарорлаштиришга уринган етти нафар гумондор ҳибсга олинди

Молдова полицияси томонидан мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳаракатларни тайёрлашда гумон қилиниб қўлга олинган етти киши 30 кунга қамалди. Молдованинг PRO TV телеканалига кўра, сешанба куни Кишинёв туман суди шундай қарор қабул қилган.

Аввалроқ Молдова полицияси бош комиссарлиги раҳбари Виорел Чернэуцану Россия махсус хизматлари мухолифат митинглари пайтида вазиятни беқарорлаштириш ҳаракатларига тайёргарлик кўришда иштирок этганини маълум қилганди. Уларнинг фаолиятини яқинда республикага келган ва кейинроқ ҳибсга олинган РФ фуқароси мувофиқлаштиргани айтилмоқда.

Февраль ойида Молдова президенти Майя Санду мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш хавфи ҳақида маълум қилган ва парламентни махсус хизматларга қўшимча ваколатлар беришга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, республика давлат ҳокимияти органлари Украина президенти Владимир Зеленскийнинг РФ Молдовадаги ички сиёсий вазиятга мослашиш режалари ҳақидаги тахминлари ҳақидаги маълумотларини тасдиқлаган.


Таиланддаги электр станциясида радиоактив изотопли қувур йўқолди

Таиланднинг Прачинбури шаҳридаги National Power Plant 5A электр станциясида ўта хавфли изотоп ҳисобланган радиоактив цезий-137 бўлган қувур ғойиб бўлди, дея хабар бермоқда маҳаллий Bangkok Post нашри полицияга таяниб.

жаҳон, дайжест

«Буғ электр станцияси минораси резервуаридаги цезий-137 бўлган қувур тўсатдан ғойиб бўлди. Цезий-137 унга қўл теккизган ёки унга таъсир қилган одамлар учун ўта хавфлидир», — деди маҳаллий полиция полковники Монгкола Тхопао.

Унинг сўзларига кўра, Таиланд Атом энергияси бюроси ходимлари электр станциясини текширган, бироқ бирорта ҳам янги радиоактив из топмаган. Полиция металлолом сотиб оладиган ва сотадиган дўконларни ҳам текширди, аммо ҳеч нарса топмаган.


Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Жанубий Кореянинг ҳарбий машқларидан жиддий хавотир билдирди

Пекин АҚШ ва Корея Республикаси ўртасидаги қўшма машғулотлардан ниҳоятда хавотирда. Бу ҳақда сешанба куни брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

«Биз АҚШ ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳарбий машғулотлар жараёнидан жиддий хавотирдамиз», — деди у. Унинг сўзларига кўра, оролдаги кескинликнинг асосий сабаблари Пхеняннинг ядросизланиш чораларини инкор этаётгани, шунингдек, КХДРга нисбатан босим ва чеклов сиёсатининг доимий кучайишидир.

«Ярим оролдаги ҳозирги вазият жуда мураккаб ва нозик. Барча манфаатдор томонлар ўзини тутиши, [Корея] ярим оролидаги тинчлик ва барқарорликка кўпроқ ҳисса қўшиши керак, аксинча эмас», — дея хулоса қилди дипломат.


Россиянинг Су-27 самолёти Қора денгиз устида Америка разведкачи УУАни уриб туширди

АҚШ Қуролли кучларининг Европа қўмондонлиги Россиянинг Су-27 қирувчи самолёти Қора денгиз узра Американинг MQ-9 Reaper учувчисиз учиш аппаратини уриб туширганини маълум қилди, дея хабар қилди BBC. Баёнотга кўра, воқеа 14 март куни эрталаб содир бўлган. Россия ҳарбийлари ва расмийлари ҳозирча вазиятга изоҳ бермаган.

MQ-9 ReaperMQ-9 Reaper

АҚШ ҳарбийларининг даъво қилишича, Россиянинг иккита Су-27 самолёти Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг разведка, кузатув ва текширишга мўлжалланган УУАни «хавфсиз ва нопрофессионал тутиб олиш»ни амалга оширган.


Нью-Йоркда 2017 йил теракт амалга оширган Сайфулло Соипов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 2017 йил 31 октябрь куни теракт амалга ошириб, 8 нафар кишини ўлдирган ўзбекистонлик Сайфулло Соипов 13 март куни АҚШ федерал суди томонидан умрбод озодликдан маҳрум қилинди.

«Сайфулло Соипов саккиз одамнинг қотили ва яна кўплаб оилаларни чексиз уқубатда қолдирган шахс. Бу даҳшатли террор ҳужуми. У ИШИДга содиқ экани ва айнан мана шу террорчилик гуруҳига кириш учун бу ишларни амалга оширганини ҳужум пайтида ҳам ва бутун суд давомида айтиб турди», — деди Федерал прокурор Демиен Уилямс.