Сирдарё вилояти прокурори Санжар Мавлонов ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилди. Бош прокуратура матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу ҳақда 10 март куни бош прокурорнинг буйруғи чиқарилган.

«Ижтимоий тармоқларда унинг жиноят устида қўлга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди», — дейилади хабарда.

У 2022 йилнинг апрель ойида вилоят прокурори лавозимига тайинланганди. Бундан аввал Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани прокурори бўлган.

Меҳнат фаолиятини 2006 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчиликдан бошлаб, туман прокуратураси терговчиси, Тошкент вилояти прокуратураси бўлим катта терговчиси, Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Янгиер шаҳри прокурори, Қашқадарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.