Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг 13 март куни бўлиб ўтган сессиясида вилоятда якшанба кунини «ота-оналарнинг фарзанд қабул куни» деб эълон қилишни таклиф этди.

Давлат раҳбари йиғилишда мактаб ва мактабгача таълим муаммолари, бу борада ота-оналарнинг мажбуриятини ошириш муҳимлиги ҳақида тўхталди.

«Боғчага борган боламиз билан бормаган боламизнинг фарқи қандайлигини фақатгина оналар билади, аёл билади. Вазирлар хулоса қилиши керак. Шунинг учун Сурхондарёда ҳам [мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси] 61 фоиз менга маъқул эмас. Ана шунинг таклифини менга айтасизлар», — деди давлат раҳбари (иқтибос «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури лавҳасидан).

У бола мактабда камида иккита тил ва битта касбни ўрганиб чиқиши кераклигини яна бир бор таъкидлади.

«Агар тил билса, у ҳамма жойда иш топа олади. Бир йил 50 фоиз ойлик олиб келса, биласизларми, фарзандимизнинг оилада обрўси ўзгаради. Фарзанднинг тарбияси ўзгаради. У 11-синфни мукаммал тугатиб олиб, ўзининг йўлини топиб олади агар ҳунари бўлса, тили бўлса», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари 1 апрелдан шанба-якшанбани «ота-оналарнинг фарзанд қабул куни» Сурхондарё тажрибаси қилишни таклиф этар экан, «бутун республикада дув-дув гап бўлиб кетсин», — деди.

«Ота-она, боболаримиз ўзимизнинг фарзандларимизни ўзимиз қабул қилайлик. Ишларни шундан бошласак, бола мактабда яхши ўқиса, тугатиб олсак, олийгоҳга яхши мутахассислар киради. Олийгоҳни тугатган одам эртага ислоҳотни амалга оширади. Мана нима учун мен куйиб-пишиб гапиряпман», — дея қайд этди президент.