11 март куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани Марғиб кўчасида 2 та чинор дарахти ёқиб кетилди. Туман ҳокимлиги матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 1 та чинор дарахти ўсишдан тўхтамайдиган даражада зарарланган, иккинчи чинорнинг эса ички қисми тўлиқ ёниб кетган.

Ўша ҳудудда яшовчи айрим фуқаролардан сўралганда улар буни кўрмагани, дарахтлар ёқилган пайтда уйда бўлмаганини маълум қилди.

Туман экобошқармаси ходими тўлиқ ёниб кетган дарахт қайта тикланмаслиги, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб ташланишини билдирди.

»дарахт,

Мазкур кўчани назорат қиладиган камералар мавжуд эмас. Ҳозирда масъуллар воқеа сабабини ўрганиш учун хонадонлардаги камераларни текширмоқда.

Ижтимоий тармоқларда дарахтлар ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилиши сабабли ёқилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Туман ҳокимлиги у ердан «Қорайўл-1» коллектори ўтгани, ҳудуд муҳофазалангани сабабли қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланганини маълум қилди.

Бошқарма вакили шу сабабли дарахтлар қурилиш учун ёқилгани ҳақидаги тахминлар ҳақиқатга мос эмаслигини билдирди.