Ўзгидромет хизмати агентлиги ҳафта давомида — 13−17 март кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Ушбу ҳафта давомида республика ҳудуди бўйича асосан кам булутли, қуруқ об-ҳаво бўлади. Якшанба кунги совуқдан сўнг, душанба кундуз куни ҳаво исий бошлайди ва ҳафтанинг ўртасига келиб, кундузги ҳаво ҳарорати +22…+25 даражага етади, жанубда баъзи жойларда +26…+28 даражагача бўлади.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида Қозоғистон бўйича ўтаётган антициклон республика ҳудуди бўйича кундузги ҳаво ҳароратини +18…+20 даражагача бироз пасайтиради.

15−16 март кунлари республиканинг шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. 13−15 мартда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида душанба кундузи ва ҳафта охиригача ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқий йўналишда бироздан ўртачагача бўлган тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати асосан +18…+22 даража бўлади.