2023 йилда Сурхондарё вилоятида ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 трлн сўмга қўшимча 465 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда Термиз шаҳрида президент иштирокида ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтиб ўтилди.

Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 млн доллар жалб қилинади. Вилоятда аҳоли учун қўшимча 8 минг 500 гектар ажратилади. Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 2 баравар оширилади, қолаверса, экспорт 250 млн долларга етказилиши режалаштирилмоқда.

Вилоятда ҳали фойдаланилмаган конлар ва имкониятлар кўп. 2023 йилда 292 та саноат лойиҳаси ишга туширилиши белгиланди. Бу 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Шунингдек, саноатда импортни 50 млн долларга қисқартириб, экспортни камида 250 млн долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станцияси ҳамда янги 3 та кичик ва микро ГЭСда 2023 йилнинг ўзида 350 млн киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Шеробод туманида 457 мегаватт қувватли йирик қуёш электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатилади.