Кишиларга нисбатан муайян бир жинсга мансуб бўлганлиги сабаб ишлатилган ҳар қандай зўравонлик, бир сўз билан айтганда, гендер зўравонлигининг турли шакллари мавжуд бўлиб, ҳозирда бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларга таъсир ўтказаётган доимий муаммо сифатида сақланиб қолмоқда. Мазкур муаммо алоҳида шахслар, оилалар, ҳамжамиятлар ва, умуман, жамиятга сезиларли таъсир кўрсатмоқда, иқтисодий тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш йўлида тўсиқ бўлмоқда.

Гендер зўравонлик — бу эркакларни аёллардан устун қўювчи патриархал муносабат тузилмалари ва маданий меъёрлар сабаб сақланиб қолаётган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва гендер тенгсизлигининг юзага келишидир. Унинг оқибатлари кенг қамровли бўлиб, жисмоний, психологик ва ижтимоий фаровонликка тезкор ва узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин.

Оиладаги зўравонлик — бу гендер зўравонликнинг, одатда, турмуш ўртоқлар, жуфтликлар ёки оила аъзолари ўртасидаги яқин муносабатлар доирасида содир бўладиган шакли. Бу ҳолат жисмоний, ҳиссий ва жинсий зўравонлик ҳамда руҳий қийноқ ва молиявий ҳолатини суиистеъмол қилиш каби турли шаклларда намоён бўлиши мумкин. Оиладаги зўравонлик, жинсидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги муносабатларда содир бўлиши мумкин, бироқ глобал миқёсда тўпланган далиллар шуни кўрсатадики, ундан, асосан, аёллар азият чекади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёда, тахминан, ҳар учинчи аёл умри давомида ўз жуфти томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка ёки бегона шахс томонидан жинсий зўравонликка дучор бўлади. Афсуски, COVID-19 пандемияси гендер зўравонлик ва оиладаги зўравонлик муаммосини янада чуқурлаштирди. Пандемия оиладаги зўравонлик ҳолатларининг глобал миқёсда кескин ортишига олиб келди. Унинг кўлами шу қадар кенгайдики, «БМТ-Аёллар» тузилмаси уни «яширин пандемия» деб атади. Пандемия туфайли юзага келган карантин, иқтисодий беқарорлик ва ижтимоий изоляция гендер зўравонликнинг юзага келиши ва давом этиши учун қулай муҳит яратганлиги бу муаммони ҳал этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишни ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ вазифага айлантирди.

Оиладаги зўравонлик — ёши, этник келиб чиқиши, таълим даражаси ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, жамиятнинг барча қатламларига мансуб кишиларга таъсир қилиши мумкин бўлган кенг тарқалган муаммо. Бироқ, маргиналлашган гуруҳлар ёки озчилик гуруҳларига мансуб аёлларда камситиш (дискриминация)нинг турли шакллари ўзаро кесишиши натижасида оиладаги зўравонликни бошдан кечириш хавфи юқори бўлиши мумкин.

Мисол учун, этник озчилик гуруҳлари вакиллари ёки ногиронлиги бўлган аёллар ёрдам ва қўллаб-қувватлаш сўраб мурожаат қилишда кўпроқ тўсиқларга дуч келиши мумкин. Бу аёллар, шунингдек, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан камситиш ва нохолис муносабатга учрашининг эҳтимоли мавжуд бўлиб, бу муаммони янада чуқурлаштириши мумкин. Шу боис, ушбу шахслар дуч келадиган ўзига хос муаммоларни эътироф этиш ва ҳал қилиш ҳамда уларга зўравонлик вазиятларидан чиқиб кетиш учун тегишли ёрдам ва ресурсларни тақдим этиш жуда муҳим.

Гендер зўравонлик глобал миқёсда ҳам, муайян минтақалар даражасида ҳам жиддий иқтисодий йўқотишларни келтириб чиқаради. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аёлларга нисбатан бўлган зўравонликнинг глобал миқёсдаги иқтисодий зарари глобал ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 2 фоизини ташкил қилиши мумкин бўлиб, бу тахминан 1,5 трлн долларга — Канада иқтисодиётининг ҳажмига тенг. Бундан ташқари, Европа гендер тенглиги масалалари институти (EIGE) томонидан гендер зўравонликнинг Европа Иттифоқидаги иқтисодий зарари йилига 366 млрд евро атрофида баҳоланган.

Ушбу харажатлар тиббиёт ва суд харажатлари каби тўғридан-тўғри харажатлар, шунингдек, меҳнат унумдорлигининг йўқотилиши, қолдирилган иш кунлари, руҳий саломатлик ва фаровонликка таъсир каби билвосита харажатларни ўз ичига олади. Гендер зўравонликнинг иқтисодий юки нафақат алоҳида шахслар ва оилаларга таъсир қилади, балки миллий иқтисодиётлар учун ҳам жиддий оқибатларни келтириб чиқаради. Гендер зўравонлик ва унинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш профилактика, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилган кенг қамровли сиёсат, дастурлар ва тадбирлар ўтказишни талаб қилади. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш орқали жамиятлар барча учун хавфсизроқ, адолатлироқ ва фаровонроқ келажакни яратиши мумкин.

Глобал ечимлар

Оиладаги ва гендер зўравонлик кенг тарқалгани ҳамда алоҳида шахслар ва ҳамжамиятларга ҳалокатли таъсир кўрсатаётганини эътироф этган ҳолда, БМТ зўравонликнинг бу шаклларига барҳам бериш учун бир қатор чораларни кўришга муваффақ бўлди. Ушбу йўналишда амалга оширилган асосий ташаббус ва чора-тадбирлар қаторига Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши; 1993 йилда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш тўғрисидаги БМТ декларациясининг қабул қилиниши; 1996 йилда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун БМТ Мақсадли жамғармасининг ташкил этилиши; хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муаммоси тўғрисида хабардорликни ошириш ва уни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга қаратилган «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка БИРГАЛИКДА барҳам берамиз» (UNiTE) кампаниясининг ишга туширилиши; 2017 йилда БМТнинг Spotlight ташаббусининг қабул қилиниши ва бошқаларни киритиш мумкин.

БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) миллий ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, аёллар гуруҳлари ва хусусий секторни гендер зўравонликнинг асосий келиб чиқиш сабабларини, хусусан, гендер асосида камситилиш ва ҳуқуқлар тенгсизлигини бартараф этишда қўллаб-қувватлайди. БМТТД томонидан бу борадаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш усулларидан бири — хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни илгари суришдир. Бу, ўз навбатида, ҳукуматлар билан гендер зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланадиган ва жабрланувчилар учун юридик, тиббий ва психологик ёрдам олиш имкониятини таъминлайдиган қонунларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш йўлида ҳамкорликни қамраб олади.

Илғор халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, кенг иштирокчиликка асосланган ёндашувлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органлари ходимлари учун самарали ўқув дастурларини ишлаб чиқиш орқали жиноий суд-ҳуқуқ тизими қонунлар ва тегишли сиёсатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этган тақдирда, гендер зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортишни белгилаш самаралироқ кечади.

БМТТД ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда суд органларининг гендер зўравонлик, жумладан, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга нисбатан жавоб чораларини кўриш салоҳиятини мустаҳкамлаш устида мунтазам ишлайди. Бу ички ишлар ходимлари, прокурор ва судяларни самарали тергов қилиш ва айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ўқитиш ва қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. Миллий ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик қилиш орқали БМТТД гендер зўравонликнинг асосий келиб чиқиш сабабларини, жумладан, гендерга асосланган камситилиш ва ҳуқуқлар тенгсизлигини бартараф этишга, шунингдек, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қонунчиликни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлашга интилади.

2019 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг ҳуқуқий таърифини қабул қилиш орқали Ўзбекистон гендер зўравонлик муаммосини ҳал этиш масаласида муайян силжишга эришди. Қонунда хотин-қизларга нисбатан оиладаги зўравонлик ва таъқиб ҳолатлари эътироф этилиб, унинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш, шу жумладан, суд қарори асосида бериладиган тақиқ ордерлари ва бошпана билан таъминлашни ўз ичига олувчи профилактик чоралар белгиланди. Гендер зўравонликка қарши самарали жавоб чораларини кўриш учун ҳукумат ички ишлар ходимлари, судялар ва бошқа мансабдор шахсларни тайёргарликдан ўтказди. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан Гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди, Олий Мажлис Сенати ҳузурида хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш йўлида фаолият юритувчи Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди, сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилишда аёлларнинг иштирокига имкон яратилди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда гендер зўравонликни тўлиқ бартараф этиш учун қилиниши зарур бўлган кўп ишлар ҳали олдинда.

Эришилган ютуқларга қарамасдан, Ўзбекистон бу борада илгаригидек қўллаб-қувватлаш хизматлари учун мавжуд ресурсларнинг чеклангани, аёлларга нисбатан зўравонликнинг тарқалганлик даражаси тўғрисида маълумотлар мавжуд эмаслиги ва жамиятда аёлларга нисбатан зўравонликни меъёрий ҳолат сифатида қабул қилиш ёки оқлаш маданияти каби муаммоларга дуч келмоқда. Шундай бўлса-да, ҳукуматнинг ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларига содиқлиги умид бағишлайди. Ўзбекистонда гендер зўравонликни бартараф этиш борасидаги ютуқларни кузатиб бориш ва саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳим.

Олий Мажлис эндиликда ўз қонунчилик тизимида оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу иш БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитасининг Ўзбекистон ҳукуматига «оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши, суд томонидан жиноий жавобгарликка тортиш ва жиноятнинг оғирлик даражасига мос равишда тегишли жазо чоралари қўллашни таъминлаш мақсадида амалдаги қонунчилик, жумладан, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш» тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) қўмитасининг 19-сонли умумий тавсиясига мувофиқ, оиладаги аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари гендер белгисига кўра камситиш ҳисобланиши тасдиқланган, бундай шаклдаги камситиш эса Ўзбекистон Конституциясига кўра тақиқланган. Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг (Ўзбекистон 1995-йил июлда ратификация қилган) 35-сонли умумий тавсияси «барча соҳаларда аёлларга нисбатан уларнинг жисмоний, жинсий ёки руҳий дахлсизлиги бузилишига олиб келувчи гендер зўравонликнинг барча шакллари учун жиноий жавобгарликка тортиш ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг оғирлик даражасига мос равишда ҳуқуқий таъсир чоралари, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий ҳимоя воситаларини зудлик билан жорий этиш ёки кучайтиришни таъминлаш учун» жиноий жавобгарликни белгилашга чақиради.

Жиноий жавобгарликни киритиш муҳим аҳамиятга эга

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар ва битимларга риоя қилишдан ташқари, гендер зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритишнинг кўплаб жиддий сабаблари мавжуд. Гендер зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш потенциал тажовузкорларни тийиб турувчи омил сифатида хизмат қилиб, жабрланганлар учун янада ишончли ҳуқуқий ҳимояни таъминлаши мумкин. Ҳуқуқбузарларни қилмиши учун жавобгарликка тортиш орқали бундай зўравонликка йўл қўйилмаслиги ва унга тоқат қилинмаслиги тўғрисида тушунча ҳосил қилинади. Шунингдек, бу жабрланганларни ҳуқуқий ҳимоя, масалан, судларнинг тақиқ ордерлари ва зўравонлик давом этишининг олдини олишга ёрдам берадиган ҳимоя ордерларининг бошқа шакллари билан таъминлаши мумкин.

Жиноий жавобгарлик белгилаш оиладаги зўравонликнинг барча хусусиятларини, жумладан, шароити, такрорланувчанлиги, мажбурий назорати, мотивларини ҳисобга олиш имконини беради. Бу ушбу жиноятнинг оғирлик даражасини баҳолаш ва зўравонлик содир этаётган шахс жамият учун хавфли деб топилган тақдирда, ҳуқуқларни тиклаш ёки қамоққа олиш тартибини қўллашни аниқлаш имконини беради.

Ниҳоят, жиноий жавобгарлик белгилаш эътиборни жабрланган шахснинг ўзидан айб қидиришга эмас, балки жиноятчини ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортишга қаратишга ёрдам беради. Бу жабрланганларга, уларнинг мурожаатига жиддий қаралиши ва уларга нисбатан зўравонлик қилган шахс жавобгарликка тортилишини билган ҳолда, ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкинлигига ишора бўлиб хизмат қилади. Бу эса, умид қиламизки, ижтимоий хулқ-атворда иккита муҳим ўзгаришга олиб келади: зўравонлик — бу жиноят эканини тушуниш ва бундай жиноятлар тўғрисида ошкора гапириш тўғри эканини англаб етиш.

Гендер зўравонлик — инсониятнинг жиноят сифатида таъқиб қилиниши зарур бўлган фалокатидир. Жамиятда зўравонликни жазосиз қолдириш ва унинг меъёрий ҳолат сифатида қабул қилиш маданияти давлат томонидан аниқ чоралар кўрилишини талаб қилади. Ўзбекистон бугунги кунда ушбу соҳадаги жазо чораларини қайта кўриб чиқаётган экан, бу мамлакат аёллари ва болаларини ҳимоя қилиш учун чора кўришнинг айни вақти. Биз Ўзбекистон бу борада тўғри қарор қабул қилишига ишонамиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.