Россия терма жамоаси 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) турнирида иштирок этади, дея хабар бермоқда «Матч ТВ» Тожикистон Футбол федерацияси матбуот котиби Фаридун Салиевга таяниб.

«Россия терма жамоаси жорий йилнинг 9−21 июнь кунлари бўлиб ўтадиган эркаклар терма жамоалари иштирокидаги биринчи CAFA чемпионатида иштирок этади», — деган у.

Гуруҳ босқичи ўйинлари Тошкент ва Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган.

Россия футбол иттифоқи (РФС) алоқа хизмати «айни пайтда Россия терма жамоасининг ушбу турнирда иштирок этиш имконияти ва шартлари муҳокама қилинаётгани»ни маълум қилди.

CAFA`нинг барча олти аъзоси — Тожикистон, Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон турнирдаги иштирокини тасдиқлади. Шунингдек, CAFA Осиё жамоаларидан бирини янги турнирда иштирок этишга таклиф қилди.

Ташкилотчиларнинг режаларига кўра, саккизта терма жамоа ҳар бири тўрттадан иккита гуруҳга бўлинади. Учрашувлар давра тизимида ўтказилади. Финалда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ўйнайди. Иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар учинчи ўрин учун баҳсда тўқнаш келишади.

«Чемпионат»нинг хабар қилишича, турнир ўртоқлик ўйини мақомига эга бўлади, шунинг учун «Россия терма жамоаси унда иштирок эта олади».

УЕФА ва ФИФА санкциялари туфайли Россия клублари ва жамоалари халқаро мусобақаларда қатнаша олмайди. Ўтган йилнинг охирида РФС ижроия қўмитаси УЕФАдан Осиё Футбол Конфедерациясига ўтиш масаласи билан шуғулланадиган ишчи гуруҳ тузди. Ушбу гуруҳ Осиёга кўчиб ўтиш масаласини — унинг барча ижобий ва салбий томонларини ўрганади.

Central Asian Football Association (CAFA) ёки Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси Осиё Футбол Федерацияси таркибига кирувчи бўлинма бўлиб, ушбу минтақада футболни назорат қилади. Унинг таркибига Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон федерациялари киради. Субфедерация илгари Яқин Шарқ мамлакатлари билан бир ассоциацияга мансуб бўлган Эрон ташаббуси билан тузилган. Ушбу давлатнинг ажралиб чиқиш қарори бир қатор араб вакиллари билан келишмовчиликлар туфайли қабул қилинган.

Ассоциация 2015 йил январида иш бошлаган.