Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш бўйича Конституциявий суднинг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топилди.

«Конституциявий қонун лойиҳасини ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқдик. Натижада унда Ўзбекистон Республикаси Референдум тўғрисидаги қонунининг 2-моддасида белгиланган референдум предмети бўлмайдиган масалалар аниқланмади. Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатяптики, Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ деб ҳисоблаш мумкин», — деди Конституциявий суд раиси ўринбосари Асқар Гафуров.

Референдум тўғрисидаги қонунининг 2-моддасига кўра, қуйидаги масалалар референдум предмети бўлиши мумкин эмас:

  • Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети ва солиқлар;
  • амнистия ва авф этиш;
  • жамоат тартибини, аҳоли соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда ва шошилинч чора-тадбирлар ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;мансабдор шахсларни тайинлаш ва вазифасидан озод этиш.

Асқар Гафуров янги Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши Ўзбекистон тарихида илк бор амалда қўлланилаётганини таъкидлади.

конституция ислоҳоти, конституциявий суд, референдум

Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг таъкидлашича, янги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилишига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар аниқланмади. Ҳужжат Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси, бошқа барча қонунлари ва халқаро ҳужжатларига тўлиқ мос келади, деди у.

Шунингдек, адлия вазири Акбар Тошқулов янги Конституция лойиҳасини референдумга қўйиш демократия ва демократия тамойилига тўлиқ мос келишини қайд этди.

Мутахассислар ва экспертлар нутқидан сўнг Мирзо-Улуғбек Абдусаломов суд қарор қабул қилиш мақсадида маслаҳатлашувга киришини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 10 март куни парламент қуйи палатаси Конституция тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири ва у бўйича 30 апрель куни референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилганди.