Эрон ва Саудия Арабистони вакиллари Пекиндаги музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнот имзолади ва мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олди. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

Баёнотга кўра, томонлар дипломатик муносабатларни тиклаш, шунингдек, икки ой ичида ўз элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарини очишга келишиб олган. Ташқи ишлар вазирлари келишувни амалга ошириш тафсилотлари ва элчилар алмашинувини келишиб олиши керак.

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Шоҳмоний ва Саудия Арабистони миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Мусад Ал Айбан ўртасидаги музокаралар 6−10 март кунлари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг январида Эрон расмийлари Саудияда шиа руҳонийси Нимр ан-Нимранинг қатл этилишини танқид қилгани ва Теҳрондаги қироллик элчихонаси ёқиб юборилганидан кейин расмий Ар-Риёд Эрон билан дипломатик алоқаларини узган.