Бухорода йўловчи автобусида эркак кишининг қиз болага шилқимлик қилгани айтилганди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Лавҳада қиз боланинг «…бу ерга келди-да, ёпишаверди, кейин у ёққа бор, дедим мен, у ёққа борди, аҳмоқ», — деган овози эшитилган. [Атрофдан «уни милицияга бериш керак, шарманда», деган овозлар такрор янграйди]. Номаълум эркак эса аёлларга қарата буни сезмагани ва билмаганини айтган. Автобус ҳайдовчисининг ёнида эса қиз боланинг йиғиси эшитилган.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИБ масъул ходимлари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, унинг шахсига аниқлик киритилган.

«Соат 13:00 атрофида автобусга миниб, билмасдан ножўя ҳаракат қилдим. Минг бор кечиришингизни сўрайман, бошқа такрорланмайди, деб ваъда бераман», — деди йигит.

Йигит билан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган. Суд қарорига кўра, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.