Ижтимоий тармоқларда эркак киши машинасининг ён ойнасига қўйган сичқонлар учун ёпишқоқ қоғоз тузоққа читтак қуши тушгани ва бармоғи билан унинг бошига чертгани акс этган видеоёзув тарқалди.

Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан 9 март куни мазкур фуқаронинг фуқаронинг Фарғона вилоятида яшовчи M.O. экани аниқланди.

Суҳбат давомида қушлар машина ойналарини тирнаб ташлаётгани сабабли, шундай ёпишқоқ воситани скочлаб, қушни ушлагани, бироқ видеоролик олингандан сўнг қушни қўйиб юборганлигини билдириб, бундай хатти-ҳаракати учун узр сўраган. Эркак қилган ишидан пушаймонлигини, бу ҳолат яна токрорланмаслигини айтиб ўтган.

У билан экологлар томонидан қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш суҳбати ўтказилиб, ундан тушунтириш хати олинди ва тегишли чоралар кўриш учун туман ИИБга юборилди, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига мувофиқ, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш — БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.