9 март, пайшанба куни Беларусь президенти Александр Лукашенко «Жиноий жавобгарлик бўйича кодексларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Беларусь президенти сайти.

«Қонунда мансабдор шахс томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун жиноий жавобгарлик давлат лавозимини эгаллаб турган барча шахсларга нисбатан тааллуқли экани назарда тутилган. Шу билан бирга, мансабдор шахс ёки ҳарбий хизматчи томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун алоҳида жазо чораси — ўлим жазосини қўллаш жорий этилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан терроризмни тарғиб қилганлик, Қуролли кучларни обрўсизлантириш ва давлат сирларини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Давлатга хиёнат қилиш, давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида тил бириктириш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, жосуслик ва яширин фаолиятни содир этишда гумон қилинган шахсларни қамоққа олиш муддати 3 кундан 10 суткагача оширилмоқда.

Илгари Беларусда ўлим жазоси фақат оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан инсон ҳаётига зомин бўлиш, шунингдек, терроризмга уриниш учун 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган эркакларга нисбатан қўлланилар эди. Бугунги кунда Беларусь Европа ва МДҲда ўлим жазоси қўлланадиган ягона давлат ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш ва демография билан шуғулланувчи World Population Review (WPR) кўра, 2021 йил охирида ўлим жазоси дунёнинг 55 мамлакатида, жумладан, АҚШ, Хитой, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Бразилия, Куба, Чили, Тайван, Таиланд, Сингапур ва Японияда сақланиб қолган.