7 март куни соат 11:00 атрофида Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 23 ёшли аёл ўзини ёқиб юборди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, туманнинг «Бирлашган» МФЙ Савоб кўчасида яшовчи, 1999 йилда туғилган А.Р. «Навоий» маҳалласидаги адирлик ҳудудида қўлида бўлган полиэтилень идиш (баклажка)даги бензинни устидан қуйиб, ўзини ёқиб юборган. Шу пайтда ўша ерда бўлган фуқаролар томонидан қутқариб қолинган.

Бироқ у шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этди.

Ўз жонига суиқасд сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, қарор ижрога юборилган. Туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.