Ўзбекистонда 2023 йилда Мўғулистон элчихонаси очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 8 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батсетсег иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилинди. Ҳозирда мамлакатда Мўғулистоннинг фахрий консуллиги мавжуд.

«Мўғулистоннинг Ўзбекистонда элчихонасини очиш қарорини олқишлаймиз. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар истисносиз барча соҳаларда ижобий суръат кўрсатмоқда», — деб ёзган Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида.

Йил бошида Батмунх Батсетсег Мўғулистон Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ва савдо иштирокини кенгайтириш учун муҳим давлат сифатида кўришини маълум қилган эди.

Вазирлик хабарига кўра, учраушвда ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш, ТИВлараро маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш, савдо айланмасини диверсификация қилиш ва қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Мўғулистон ишчи гуруҳи ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масалаларини ўрганиш бўйича келишувга эришилган.

7 март куни бошланган ва 10 мартга қадар давом этадиган ташриф доирасида Батмунх Батсетсег ва Мўғулистоннинг бошқа расмий вакиллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, сармоя, саноат ва савдо, транспорт вазирликлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ҳам учрашувлар ўтказмоқда.

Бу 1992 йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери Мўғулистон ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифидир, деб хабар беради Мўғулистон ТИВ сайтида. Мўғулистон президенти эса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун кузда Ўзбекистонга ташриф буюрганди.

Ўтган йили Мўғулистон Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилганди.