Мактабларда III чоракнинг сўнгги куни 18 март (шанба)га тўғри келади ва IV чорак 27 март кунидан бошланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 26-бандига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактабларида баҳорги таътил 21 март санасидан бошланиб, 7 календарь кун давом этиши белгиланган.

Президентнинг «2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида» 2022 йил 23 декабрдаги фармонига мувофиқ, 2023 йил 20 март куни — қўшимча дам олиш кун сифатида белгилангани муносабати билан мактабларда баҳорги таътил 20 март санасидан бошланади ҳамда 26 мартга қадар (шу куни ҳам) давом этади.

Умумий ўрта таълим мактабларида 18 март (шанба) III чоракнинг сўнгги ўқиш куни бўлиб, IV чорак 27 март санасидан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан Наврўз байрамида ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар 5 кун, яъни 18−22 март саналарида, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар 4 кун, яъни 19−22 март саналарида дам олади. 23 мартдан эса барча яна ишга чиқади.