11 март куни умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Саломов маълум қилди.

Таъкидланишича, таъмир ишларига 1 млрд 300 млн сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, 7 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилади. Бунинг учун жами 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади.

«Бундан ташқари, 12 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш режалаштирилмоқда. 11 минг тоннага яқин маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланиб, 1300 километрдан зиёд ариқ ва лотоклар тозаланади. 8500 дан зиёд қабристон ва 400 та зиёратгоҳ ободонлаштирилади», — дейди Саломов.

Унинг қайд этишича, ҳашар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш, шунингдек, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудларларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ўтказилади.

«Иш берувчилар томонидан ходимларни ҳашарга мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди», — дейди у.

Маълум қилинишича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 1 миллион тупга яқин манзарали, 500 минг тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган. Аҳолига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул етказиб берилади. Шунингдек, ҳашар доирасида 2 миллион тупдан зиёд гул кўчатларини экиш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ ҳукумат фармойишига асосан бутун Ўзбекистон бўйлаб 11 март куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. У «Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки» шиори остида бўлиб ўтади.