Грузия парламенти 7 март куни «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилганди. Лойиҳа мамлакатда «хорижий агентлар» реестри яратилиши ва у 20 фоиздан ортиқ қисми четдан молиялаштириладиган нотижорий юридик шахслар ҳамда ОАВни ўз ичига олишини англатади. Лойиҳани 76 нафар депутат ёқлаган, 13 нафар депутат қарши овоз берган.

Одамлар нимадан норози?

Овоз бериш жараёни мухолифат депутатларининг парламент биносидаги норозиликлари, ташқарида эса намойишлар фонида бўлиб ўтди. Тбилисидаги Руставели кўчаси «Грузия ҳукумати Россия йўлидан кетмоқда» дея жараёнга норози кайфият билдирган намойишчилар томонидан тўсиб қўйилди.

АҚШ элчихонаси фавқулодда баёнот бериб, буни «Грузия демократияси учун қора кун» дея эълон қилди.

«Бугун Грузия демократияси учун қора кун. Парламентнинг Кремлдан илҳомланган ушбу қонунларни илгари суриши грузин халқининг Европа интеграцияси ва унинг демократик ривожланишига бўлган аниқ истаги [Грузиянинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиши] билан мос келмайди. Ушбу қонунларни жорий этиш мамлакатнинг стратегик шериклари билан муносабатларига путур етказади», — дейилганди баёнотда.

Полиция парламент олдида йиғилган намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ишлатди. Намойишчилар эса ходимларга шиша ҳамда «Молотов коктейли» [суюқ ёнилғи солинган бутилкалар, зарбдан портлаш юзага келади] улоқтирди.

ТАСС хабарига кўра, мамлакат президенти Саломе Зурабишвили намойишчиларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

грузия, намойиш, хорижий агентлар

Фото: Виктор Туманов

«Бугун мен Нью-Йоркда турибман, орқамда эса Озодлик ҳайкали. Бу Грузия ҳар доим курашган, бугунги кунгача интилиб келган тимсолдир. Мен сиз биланман, чунки бугун сиз озод Грузия вакилисиз», — деди Зурабишвили видеомурожаатида.

Грузия раҳбари, шунингдек, хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини бекор қилиш кераклигини қўшимча қилди ва унга вето қўйиш ниятини яна бир бор таъкидлади.

Зурабишвили 5 мартда Нью-Йоркка амалий ташриф билан кетганди. У БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича комиссияси сессиясида иштирок этмоқда. Грузия раҳбари сессия иштирокчиларига бу масалада ҳам мурожаат қилган.

Намойишларнинг иккинчи куни

8 март оқшомида грузиялик депутатлар томонидан кўриб чиқилаётган «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасига қаршилар яна шаҳар марказига тўпланди, деб ёзди Meduza.

Митингда «Стратегия Агмашенебели» партияси етакчиси Георгий Вашадзе ҳукуматга ультиматум қўйиб, қонун лойиҳасини бир соат ичида бекор қилиш ва бир кун аввал намойишда ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини озод қилишни талаб қилди. У пайшанба куни депутатлар йиғилиш ўтказишига ["Хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисида" деб номланган иккинчи вариант бўйича овоз бериш 9 мартда бўлиб ўтиши режа қилинганди] йўл қўймаслик учун намойишчиларни парламент биносини ўраб олишга чақирди.

Полиция махсус қуролларни қўллаганидан сўнг намойишчилар парламент биносидаги деразаларни синдириш ва панжараларни бузишга киришди. Оқибатда махсус кучлар митингни куч билан бостириш ва намойишчиларни парламент яқинидаги майдондан чиқариб юбориш чораларини кўрди.

Маълумот учун, 7 март куни полиция намойишчиларни сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида куч билан тарқатганди. Майда безорилик ва ички ишлар органларига бўйсунмаслик бўйича маъмурий моддалар билан иш қўзғатилган 76 нафар шахс қўлга олингани маълум қилинган. Яна бир намойишчи полициячига ҳужум қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу вазият юзасидан баёнот берди.

Таъкидланишича, Тбилиси шаҳрида полиция норозилик билдириш учун йиғилган минглаб тинч намойишчиларни тарқатиш учун кўп миқдорда кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди.

«Полиция ўнлаб одамларни ҳибсга олди, улар ҳозирда турли маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган. Мен норозиликни кузатиб бордим ва ҳукуматнинг бу тинч йиғилишни чеклаш учун бундай куч ишлатишига қонуний сабаб кўрмадим. Лойиҳа қабул қилинса, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари маблағларининг 20 фоизини хориждан оладиган бўлса, „хорижий таъсирдаги агент“ сифатида рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Бу гуруҳлар устидан қўшимча текширув ўтказилиб, тергов қилиниб, жарима солинади, агар уларнинг раҳбарлари қонунни бузганликлари аниқланса, қамоққа олиниши мумкин. Овозга қўйиладиган иккинчи қонун лойиҳасида шахсларга ҳам шундай талаблар қўйилади. Қонун лойиҳаси кучга кириши учун яна икки ўқишдан ўтиши керак», — дейди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори ўринбосари Георгий Гогия.

Унинг сўзларига кўра, иккала қонун лойиҳаси ҳам Грузиянинг сўз ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича инсон ҳуқуқлари мажбуриятларига мос келмайди ва мақсад мамлакатдаги танқидий овозни бўғишга қаратилган.

"Бу таҳдид ростан мавжуд. Грузия ҳукумати қонун лойиҳаси молиялаштириш шаффофлигини оширишга қаратилганини даъво қилмоқда. Аммо уларнинг баёнотлари шуни кўрсатадики, агар қонун лойиҳалари қабул қилинса, улар мустақил гуруҳлар, оммавий ахборот воситалари ва танқидий овозларга қарши ишлайди… Қўшма Штатларнинг Грузиядаги элчихонаси кечаги кунни мамлакат демократияси учун «қора кун» деб атади. Грузиянинг бошқа ҳамкорлари ҳам худди шундай кескин баёнотлар ва огоҳлантиришлар берди. Уларнинг муносабатида очиқ-ойдин кўриниб турибди: «хорижий агентлар» қонун лойиҳасини қабул қилиш Грузиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятлари ва Евро-Атлантика бўйича интилишларига зид", — дея таъкидлайди Георгий Гогия.

У Грузия раҳбарлари бу огоҳлантиришларга қулоқ солиб, мамлакат фуқаролик жамияти учун хавфсиз ва қулай муҳитни таъминлаши, бу ҳақда ёзар экан, парламент олдида лойиҳага қарши яна бир митинг содир бўлаётгани, расмийлар митинглар эркинлигини тўлиқ ҳурмат қилиши ва шикоятлар тинч йўл билан билдирилишига ортиқча аралашмаслигига умид қилишини билдирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Грузия парламентидан қонун лойиҳаси қайтариб олинди. Бу ҳақда ҳукмрон «Грузинская мечта» партияси ва «Сила народа» ҳаракати баёнот берди.

«Қабул қилинган қонун лойиҳаси жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлганини кўриб турибмиз. Ёлғон машинаси қонун лойиҳасини салбий томондан тақдим этиб, аҳолининг маълум қисмини чалғитишга муваффақ бўлди. Қонун лойиҳасига „Россия қонуни“ дея нотўғри таъриф берилган ва унинг биринчи ўқишда қабул қилиниши жамоатчиликнинг бир қисми назарида Европа йўналишидан чекиниш сифатида кўрсатилди», — дейилади қўшма баёнот матнида. Грузия ҳукумати қонун лойиҳасини «ҳеч қандай изоҳларсиз» қайтариб олишга қарор қилган.