Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов 2022 йил январдаги тартибсизликлар чоғида ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар бермоқда BaigeNews портали.

«Бектанов Жиноят ишлари бўйича туманлараро ҳарбий суднинг 2023 йил 24 февралдаги ҳукми билан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 451-моддаси (Мансабни суиистеъмол қилиш) 3-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган», — дейилади хабарда.

Нашрнинг қайд этишича, суд иш бўйича батафсил маълумот бермаган.

Tengrinews хабарига кўра, 2022 йил 19 февралда Бош прокуратура томонидан собиқ мудофаа вазири Мурат Бектановга нисбатан Жиноят кодексининг 452-моддаси билан хизмат чоғида ҳаракатсизлик факти бўйича терговга қадар текширув бошланиб, 20 февраль куни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилганди.

Ундан бир ой аввал эса (2022 йил январь) президент мудофаа вазири Бектановни ишдан бўшатган. Кейинроқ Қосим-Жомарт Тоқаев январь воқеалари чоғида Қуролли кучлар «ўта ноаниқлик ва ташаббускор раҳбарлик йўқлиги» туфайли ўз олдига қўйилган вазифаларни етарли даражада бажара олмаганини, вазир Бектанов эса қўмондонларга хос жиҳатларни намоён қилмаганини айтган.

Маълумот учун, январь воқеаларидан сўнг жами 1249 киши асосан ўғрилик, қурол ўмариш ва тартибсизликларда айбланиб судланган. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ ҳақиқий жазо муддатлари 160 кишига қўлланилган. Қолганларга нисбатан енгил жазо чоралари тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 2 январь куни Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди.

Шундан кейин намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтган, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан, Нурсултон шаҳри ва Олмаотага ҳам тарқалган. Тартибсизликларга Қозоғистон МХҚнинг собиқ раиси ва собиқ мудофаа вазири ҳам алоқадорлиги айтилган.