Олмаотада жума куни январь воқеаларининг қурбонлари хотираси учун ўрнатилган «Тағзим» (ўзбекча «Таъзим» — таҳр.) ёдгорлиги очилди. Маросимда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам қатнашди, дея хабар бермоқда Оқ Ўрда матбуот хизмати.

Ёдгорлик фожиали воқеалар эпицентри бўлган жой — Республика майдонига ўрнатилган. У кўп босқичли меъморий мажмуа кўринишида қурилган. Ёдгорлик турли ранглардаги тўртта эмоционал-меъморий зоналарга ажратилган: оч кулранг енгиб ўтишни англатса, қора тартибсизлик ва қўрқув билан бирга кечган январь воқеаларини билдиради, кулранг — қурбонлар ва тўкилган қон, инсоний йўқотишлар тимсоли бўлса, оқ — барқарорлик ва фаровонликка интилиш рамзидир.

Фото: Tengrinews.kzФото: Tengrinews.kz

Ҳар бир зонага қозоқ халқининг буюк вакилларидан иқтибослар ёзилган тош ва стелалар ўрнатилган. Лойиҳа муаллифлари — очиқ танловда ғолиб чиққан архитекторлар Алексей Ивженко ва Ғайни Сағидуллаева.

Фожиали январь воқеалари Қозоғистон мустақиллик эришганидан буён дуч келинган энг жиддий синовлардан бири бўлди, деди мамлакат президенти.

«Мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида ўтаётган тинч намойишлар оммавий тартибсизликлар ва погромларга айланиб кетди. Мустақиллигимизнинг олтин бешиги — Олмаота бандитлар қўлидан айниқса қаттиқ зарар кўрди», — дея қайд этиб ўтди у.

Фото: Akorda.kzФото: Akorda.kz

«Бу каби воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун биз қўлимиздан келганини қиламиз. Мамлакатимизнинг омонлиги ва хотиржамлигини, халқимизнинг бирдамлигини ҳимоя қилиш — баримизнинг фуқаролик бурчимиздир», — дея қўшимча Қасим-Жомарт Тоқаев.

У январь воқеаларини ҳеч қачон унутмаслик кераклигини таъкидлаб, шу сабабли ҳам ушбу ҳодисалар вақтида қурбонлар бўлганлар хотирасини абадийлаштириш ҳақида кўрсатма берганини айтиб ўтди.

«Биз бир мамлакат бўлиб тикланиш ва янгиланиш йўлига тушдик. Албатта, бу ҳали бошланиши, бу йўл осон бўлмаслиги аниқ. Бироқ бизнинг асосий мақсадимиз ҳаммага аён. Бу — Адолатли Қозоғистоннинг яратилиши ва барчага тенг имкониятлар берадиган жамиятнинг шаклланишидир. Доимо бирга бўлсак, албатта мақсадимизга эришамиз. Мен бунга тўлиқ ишонаман», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент фожиали кунларда минглаб қозоғистонликлар — волонтёрлар, тиббиёт ходимлари, полициячилар ва шунчаки бефарқ бўлмаган кишилар чинакам жасорат ва юксак фуқаролик масъулиятини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.

«Тартибсизликларнинг ёлғон чорловларга алданган, аммо оғир жиноятларни содир этмаган кўплаб иштирокчилари менинг фармоним асосида афв этилди», — деди у.

Фото: Akorda.kzФото: Akorda.kz

Қурбонлар статистикаси

Қозоғистон Бош прокуратураси январь воқеалари давомида 238 киши, хусусан, 219 фуқаро ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг 19 нафар ходими ҳалок бўлганини маълум қилган, деб ёзади Orda.kz.

Ҳалок бўлган 219 фуқародан 67 нафари оммавий тартибсизликларда иштирок этишда гумонланувчи, 142 нафари эса фавқулодда ҳолат (ФҲ) ва аксилтеррор операцияси (АТО) тартибини бузувчилар (жумладан, 22 киши тасодифан отишмада қолиб кетган ёки ЙТҲга учраган) дея тан олинган, яна тўрт киши бошқа жиноятларни содир этиш вақтида, 6 киши эса қийноқлар оқибатида ҳалок бўлган.

213 фуқаронинг ўлими бўйича 180 та судгача бўлган суриштирув ишлари жиноят таркибининг йўқлиги боис тугатилган, 19 таси тўхтатилган (8 та ҳолатда — марҳумнинг шахсини аниқлаб бўлмагани боис, 11 та ҳолатда — экспертиза тайинлангани сабабли), 12 та иш юритувда ва яна 2 таси судга оширилган.

Прокурорлар ФҲ ва АТО тартиби даврида ҳарбий хизматчилар томонидан ҳокимият мансабини суистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича ҳам ишламоқда. Сентябрь ойида январь воқеалари вақтида эркакни отиб ташлаган аскар 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди, июль ойида эса беш ҳарбий бир кишининг ўлимида гумонланувчи деб топилган, августда ҳам бир ҳарбий хизматчи аёлнинг ўлимида гумонланувчи дея тан олинганди.

Қийноқлар қўлланганлиги ҳолатлари бўйича ҳуқуқ-тартибот ва махсус органларнинг 29 нафар (ИИВдан — 17 нафар, Миллий хавфсизлик қўмитасидан — 12 нафар) ходими гумонланувчи сифатида тан олинган.

Январь воқеаларидан сўнг жами 1249 киши асосан ўғрилик, қурол ўмариш ва тартибсизликларда айбланиб судланган. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ ҳақиқий жазо муддатлари 160 кишига қўлланилган. Қолганларга нисбатан енгил жазо чоралари тайинланган.