Қозоғистон президентининг Олмаота шаҳридаги қароргоҳи биноси бузилади. Бу ҳақда Tengrinews президент матбуот котиби Берик Уалига таяниб хабар берди.

«Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қарорига кўра, январь воқеалари вақтида қароқчилар ва террорчилар вайрон қилган ва ёқиб юборган президент Олмаота шаҳридаги расмий қароргоҳи бузилади. Унинг ўрнида аҳоли шаҳар аҳолиси учун сайилгоҳ барпо этилади», — деб ёзди Берик Уали ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Қароргоҳ 1995 йилда фойдаланишга топширилган, 2022 йилда эса бинонинг фасад қисмини реконструкция қилиш режалаштирилган эди.

5 январь куни Олмаотадаги намойишларда қатнашганлар шаҳар ҳокимлиги (акимат) ва президент қароргоҳи биносини эгаллаб, уларни ёқиб юборишганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди. Шундан кейин, намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтди, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳри ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқалди.

22 февралга келиб, Қозоғистон омбудсмани мамлакатда рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганларнинг 18 нафарини хориж фуқаролари, шу жумладан 14 нафарини ўзбекистонлик фуқаро ташкил этганини маълум қилганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон ўз фуқаролари ҳибсга олингани сабабли Қозоғистонга нота юборди.