Самарқанд вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Самарқанд халқаро аэропортида одам савдоси жиноятининг олди олинди, дея хабар берди вилоят ИИБ.

Бошқармага 29 ёшли фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, унда Иштихон туманида яшовчи 35−40 ёшлардаги аёл ўзининг жиноий шериги билан моддий манфаат эвазига фоҳишалик билан шуғулланиши учун БААнинг Дубай шаҳрига юбораётганини маълум қилиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Аризага асосан тезкор тадбир ўтказилган. Унда ушбу аёл 29 ёшли аёлдан 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида аэропорт чегара ҳудудида ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмига (Одам савдоси) асосан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари бошланган.