Ижтимоий тармоқларда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Самарқанд ҳудудий филиали юридик бўлими бошлиғи И.С.нинг сўзлари дея видеолавҳа жойлаштирилгач, бу кескин танқид ва эътирозларга сабаб бўлди. Шундан сўнг И.С. эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Kun.uz нинг Самарқанд вилояти прокуратурасига таяниб хабар беришича, юрист И.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш) ҳамда 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, тармоқларда тарқалган видеода юристнинг ўзи билан бир ташкилотда ишловчи аёл Г. С.ни тўшакка таклиф қилгани, бунга рози бўлмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан иш очишини айтиб қўрқитгани акс этган.

Аёлнинг ўзи Facebook саҳифасида пост қолдириб, унда жамоатчиликдан вазият бўйича ёрдам беришини сўраган. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалида муҳокама бўлиб ўтган.

Унда юрист эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шунингдек, ҳудудий филиал директори ўринбосари Г. С.нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган шикоятиги ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилганди.