«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Самарқанд ҳудудий филиали юридик бўлими бошлиғи И.С. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалида бўлиб ўтган муҳокамада юристни ишдан олиш масаласи кўриб чиқилган.

Гап шундаки, ижтимоий тармоқларда юридик бўлим бошлиғи И.С.нинг сўзлари дея видеолавҳа жойлаштирилган эди ва бу ҳолат кўплаб салбий фикр ва эътирозларга сабаб бўлган. Видеода юристнинг ўзи билан бир ташкилотда ишловчи аёл Г. С.ни тўшакка таклиф қилгани, бунга рози бўлмаса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209- (Мансаб сохтакорлиги) моддалари билан иш очишини айтиб қўрқитгани акс этган.

Аёлнинг ўзи Facebook саҳифасида пост қолдириб, унда жамоатчиликдан вазият бўйича ёрдам беришини сўраган.

«Биз қандай жамиятда яшаяпмизки, аёллар қўлланаётган замонда ташкилотда И.С.га ўхшаганларга ем бўлсак? Нега тинч ишлашга имкон қолдирмаяпти? Айбим номусимни ҳимоя қилганимми?» — дейди у.

самарқанд, юрист, ҳудудий электр тармоқлари

Ҳокимлик хабарида таъкидланишича, томонлар фикрлари эшитилган. Одоб-ахлоқ меъёрлари ва функционал вазифалар доирасида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилган.

Муҳокама якунида И.С. жамиятнинг Самарқанд ҳудудий филиали директори буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Шунингдек, ҳудудий филиал директори ўринбосари Г. С.нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга йўллаган шикоятиги ҳуқуқий баҳо берилиши билдирилди.