Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 20 ёшли йигит оилавий келишмовчилик сабаб онасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Sevimli телекананалининг Zamon дастурида хабар қилинди.

Келтирилишича, «Дўстлик» МФЙда яшовчи фуқаро А.Р. онасининг елка қисмига пичоқ билан қасддан урган. Оқибатда аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.

МФЙ раиси Азимжон Шокировнинг сўзларига кўра, ўша куни жанжал марҳума ва унинг келини ўртасида бўлган. А. оиласини жанжалдан олиб чиқиб кетиш мақсадида нарсаларини йиғиштирган.

«Бизга шу маҳаллада жанжал бўляпти, деб хабар қилишди. Мен, хотин-қизлар фаоли, профилактика нозири кириб бораётганимизда шу ҳолат рўй берди», — деди раис.

Судланувчи А.Р.нинг илгари тайинланган 12 йиллик қамоқ жазосидан норози бўлиб, вояга етмаган фарзанди [воқеадан бир муддат олдин фарзандли бўлган] ва 2 нафар укаси борлиги, отасини касал деб, апелляция тартибида қилган шикояти вилоят суд апелляцияси инстанциясида қайта кўрилди.

Аммо суд ҳукми тўғри квалификация қилинган деб топилиб, ўзгаришсиз қолдирилди.