Қорақалпоғистон прокуратураси ижтимоий тармоқларда Тахиатош тумани «Тахиатош» маҳалла фуқаролар йиғини раиси жами 31 млн сўмни талон-торож қилгани, лекин ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари бунга лоқайд қараётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, туманнинг Тахтакўпир кўчасида яшовчи фуқаро У. Е.нинг маҳаллада юз бераётган қонунбузилишлар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда назорат органларига йўллаган мурожаатига асосан текшириш ишлари олиб борилган.

Текшириш давомида маҳалла фуқаролар йиғинида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига зид равишда 3 та ҳолатда 2,6 млн сўмлик бир марталик ёрдам пули ортиқча тўлангани ҳамда 2022 йил май ойидан 2023 йил 31 январь кунига қадар 37 та ҳолатда жами 31 млн 169 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам пуллари асоссиз тўлангани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тахиатош туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади прокуратура хабарида.