Туркманистонда 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами куни яқинлашиб келаётгани муносабати билан президент Сердар Бердимуҳамедов номидан аёл-қизларга пул шаклидаги совғаларни топширишни бошланди, деб хабар бермоқда «Туркменистан: Золотой век» нашри.

Қайд этилишича, мамлакат бўйлаб байрамга бағишланган турли тадбирлар ўтказилмоқда.

«Мамлакатимизда шаклланган эзгу анъанага кўра, 60 манатлик пул мукофотларини топшириш маросими тантанали руҳда ўтмоқда. Боғча тарбияланувчиларига биринчилардан бўлиб президент совғасини топшириш бошланди», — дейилади хабарда.

Туркманистон президентининг топшириғига мувофиқ, 1 мартдан 6 мартгача бўлган даврда мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларда ишловчи, пенсия ҳамда давлат нафақалари олувчи, аспирантура, докторантура ва клиник ординатурада ишдан ташқари таҳсил олаётган аёл-қизларга пул кўринишидаги совғалар берилади.

Маълумот учун, мамлакат иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича бош вазир ўринбосари Хўжамират Гелдимирадов аёл ва қизларга 60 манат (давлат курси бўйича 17 доллар, «қора бозор»да эса 3 доллар) мукофот пули берилишини айтиб, уларга ўтган йили ҳам худди шу миқдорда пул топширилганини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, аввалги йилларда бу маблағлар бюджет ташкилотларида ишлаётган ё ўқиётган аёл-қизларгагина ажратилиши талаб қилинганди. Шунга кўра, уй бекалари ва якка тартибдаги тадбиркорлар 8 март учун совға олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда Шаҳар кунида (25 май куни) туғилган биринчи ўғил болага Пойтахт ёки Aшхабод исми, қиз болага Маржона ёки Мая исми берилиши маълум қилинган. Шунингдек, мамлакат президенти 8 март кунига барча аёлларга 60 манат (17,1 доллар) миқдорида пул тарқатиш бўйича топшириқ берган.