Туркманистон пойтахтнинг 140 йиллигини нишонлашга фаол тайёргарлик кўришни давом эттирмоқда. Байрам шарафига бир қатор янги бинолар очилади, концертлар ва кўргазмалар ташкил этилади, фильмлар суратга олинади ва 400 та янги шаҳар автобуслари йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» хабар бермоқда.

Бундан ташқари, мамлакат президенти 25 май куни туғилган биринчи ўғил болага Пайтагт (Пойтахт) ёки Aшхабод исмини, қизга Мержен (Маржона) ёки Мая исмини беришни буюрди.

«Бу пойтахтга муҳаббат, унинг тарихига ҳурмат, халқнинг бахтли ҳаётидан ғурурланишни англашнинг ўзига хос белгиси бўлади», деди президент. «Янги туғилган болаларга бундай совға бериш оилаларига бу онларни унутилмас қилади», дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, президент ўз номидан Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Туркманистон аёлларига 60 манат (давлат курси бўйича 17,1 доллар ёки «қора бозор» курси бўйича 1,9 доллар) беришни буюрди. Пул совғаларини мулкчилик шаклидан қатъи назар муассаса ва ташкилотларда ишлайдиган, пенсия, нафақа ва стипендия оладиган аёллар, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва болалар боғчаси тарбияланувчилари олади. Уй бекалари ва якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно.

Ўтган йили аёлларга ҳар бири 60 манатдан совға қилинган эди, ўшанда бу миқдор 3 долларга тенг бўлган.