Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида таклиф, муаммо ва мурожаатлар билан ишлашда онлайн платформа ишга туширилди. Бу ҳақда вазирнинг Telegram`даги каналида хабар берилди.

Таъкидланишича, вазир Ҳилола Умарова вазифага киришгач, ўқитувчи, тарбиячи ва ота-оналарнинг таклифларини ўрганиш мақсадида мурожаатлар портали яратиш топшириғини берган.

Эндиликда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагоглар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар, коррупция ҳолатлари юзасидан асосланган фактлар, ташаббус, лойиҳа, фикр ва мулоҳазаларни юбориши мумкин бўлади.

«Мазкур таклиф, ташаббус ва мулоҳазалар шахсан ўзимнинг назоратимда бўлиб, вазирлик мутахассислари томонидан ўрганилади. Улар асосида муаммолар ҳал этилиб, янги лойиҳалар жорий этилади», — дейди вазир.

Мурожаатларни vazir.uzedu.uz порталига йўллаш мумкин.

Порталда таклиф ва мулоҳазаларни қолдириш учун фойдаланувчилардан унинг мурожаати қайси таълим босқичига тегишли эканини кўрсатиши, тўлиқ исм-фамилия, ҳудуд, телефон рақами, электрон почта ва паспорт маълумотларини киритиши талаб этилади. Портал Call маркази сифатида (71) 202−09−09 рақами келтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь сўнгида соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Амрилло Иноятов тизимда 2023 йилни Коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилганди. Вазир ишонч телефони сифатида ўзининг шахсий рақамини ҳам киритишини айтиб ўтган.