Фарғона шаҳрида яшаган Б.Э. таниши А.А. билан номаълум моддадан заҳарланиши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, 2022 йил 26 декабрь куни Аҳмад Яссавий кўчасида яшаган Б.Э. танишлари А.А. ва Х.М. билан бирга номаълум моддадан заҳарланиб, Б.Э. ва А.А. воқеа жойида вафот этгани, Х.М. эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойи шаҳар прокурори раҳбарлигида суд-тиббий экспертиза бўлими эксперти, тезкор-тергов гуруҳи, ФВБ Фарғона шаҳри бўлими, СЭО ва ЖСХ шаҳар бўлими ва «Ҳудудгаз Фарғона» ГТФ шаҳар бўлими ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида текширилган.

Мурдалар кўздан кечирилганида уларда ташқи тан жароҳатлари ва излар аниқланмаган.

Терговга қадар текширув натижасига кўра, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳолати бўйича шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. Қарорнинг қонунийлиги ўрганилиб, бекор қилинган ва ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.