3 март куни Чимкент шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Музокаралар кун тартибидан икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ўрин олган. Шунингдек, икки мамлакат етакчи корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.

3 март куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги UzQazTrade ташқи савдо компанияси ташкил этилгани ҳақида хабар берганди. Унинг таъсисчилари — UzTrade ва QazTrade Савдо сиёсатини ривожлантириш маркази.

Таъкидланишича, қўшма компаниянинг ташкил этилиши корхоналарга икки мамлакат бозорларига товарлар етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради ҳамда ўзаро савдодаги чекловлар ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев охирги марта 21−22 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлганди.