Ўзбекистондаги меҳмонхоналар, хостел ва оилавий меҳмон уйлари интерьерида миллий қадриятлар ўз аксини топиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков 3 март куни Отелерлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Меҳмонхона бизнеси форуми»да маълум қилди.

«Айтиш керакки, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатаётган меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари эгалари hi-tech, миллий ва классик услубларни уйғунлаштирган ҳолда жиҳозлаш ва интерьер қилишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Ҳаттоки, энг замонавий 5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳам миллийлигимиз, ўзлигимиз акс этган деталлар бўлиши лозим», — дея қайд этди у.

Унинг фикрича, бу ҳар бир сайёҳнинг, энг аввало, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури шаклланиши, шунингдек, ўзбек халқига хос урф-одат, анъана ва қадриятлари ҳақида тушунчага эга бўлишига хизмат қилади.

Форумда меҳмонхона бизнесига оид тренд мавзулар — хизматлар коллобарациясидан тортиб, IT-ечимларгача муҳокама қилинди.