Тошкентда ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида футбол бўйича Тожикистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи, беларуслик мутахассис Олег Кубарёв машғулот майдонлари сифатини танқид қилди. Видео «Футбол янгиликлари» Telegram каналида эълон қилинди.

Тошкентга илк бор келган мураббий машғулотлар учун яратилган шароитлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Кўряпманки, бу ерда ажойиб стадионлар бор, лекин машғулот майдонлари ёмон. Машғулотлар учун шароитлар, менимча, жамоалар савиясига тўғри келмайди. Бундай майдонларда бундай турнирга тайёргарлик кўриш, менимча, нотўғри. Чунки бу майдонлар жароҳатлайдиган. Бу майдонларда фақат битта плюс нарса бор — улар табиийдир. Мен бу ерда бошқа ҳеч қандай [ижобий] нарсани кўрмаяпман», — деди Кубарёв.

Худди шу Telegram каналида эълон қилинган бошқа бир видеода Олег Кубарёв матбуот марказидаги столларда сув йўқлигини қайд этган.

«Фақат хафа бўлманг. Мен [матбуот анжуманига] 30 дақиқа юриб келдим — бу ерда эса сув йўқ», — деди у столга ишора қилиб. — «Мен биринчи марта сув йўқ жойда матбуот анжуманида турибман», — деди Кубарев.

Футбол менежери, спорт эксперти Алишер Никимбаев ўзининг Telegram-каналида жамоа мураббийлари илк кунларданоқ машғулот майдонлари сифатидан нолий бошлаганини таъкидлади.

«Ташкилотчилар ва уларнинг ОФКдаги (Осиё Футбол Конфедерацияси — таҳр.)даги ҳамкасблари майдонларда муаммолар бўлишини билишган. Ва агар бу ягона муаммо бўлса, унда ташвишланадиган ҳеч нарса бўлмасди. Бироқ ҳозирги муаммолар ўтган йилги 23 ёшли ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги муаммолари устига қўйилади ва бу Ўзбекистонда бўлажак қитъа турнирларини ўтказиш истиқболлари ҳақида пессимистик хулоса чиқаради», — деб ёзади Никимбаев.

Бироқ, унинг фикрича, бу Ўзбекистон энди қитъа мусобақаларига мезбонлик қилмайди, дегани эмас, чунки 17 ва 20 ёшли ўсмирлар, аёллар терма жамоалари ва футзал ўртасидаги турнирларни ҳамма давлатлар ҳам ўтказишни хоҳлайвермайди.