21 февраль куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 2 фуқаро ички ишлар органлари ходимларининг махсус кийимини ноқонуний равишда кийиб, видео суратга олди ва уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Вайн (қисқа видео)да йигитлар ҳайдовчи ва ундан пора олаётган ЙПХ ходими образини яратган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан суд бўлиб ўтди ва йигитларга жазо тайинланди.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирувларда улар Шаҳрисабз шаҳрининг «Наврўз» ва «Лолистон» маҳаллаларида яшовчи фуқаролар экани аниқланди. Видео эса шаҳарнинг Ғафур Ғулом кўчасида олиниб, Instagram ижтимоий тармоғига жойланган.

«Ички ишлар ходимлари кийимини кийиб, тартибни бузганимдан жуда афсусдаман. Бу бошқа такрорланмаслигига ваъда бераман», — деди қоидабузарлардан бири.

Суд қарори билан йигитлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34 ва 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.