Эндиликда педагог ходимларнинг фаолиятига қонунга зид тарзда аралашганлик учун маъмурий жазо қўлланади, агар ҳолат яна қайтарилса, жиноий жавобгарлик белгиланади. Сенаторлар 37-ялпи мажлисда «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади.

Ҳужжатда педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш, уларни ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун жўнатиш, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши келтириб ўтилган.

Таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда қайта мажбурлаганлар БҲМнинг 150−200 бараваригача (60 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда уларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, касбий фаолиятга қонунга қарши аралашиш учун жавобгарлик кучайтирилади.

Бундан ташқари, ўқувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатганлар, масалан, уларга қўйиладиган баҳодан норози бўлиб, уни ўзгартиришни талаб қилган ёки ҳолат бўйича педагогга таҳдид қилганларга ҳам жавобгарлик кучайтирилади.

Бунда кодексдаги санкциялар фуқароларга БҲМнинг 10−15 бараваригача (4,5 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 15−20 бараваригача (6 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга 15 беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳужжат энди президент томонидан имзоланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, президент Администрацияси шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тез орада қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилганди.