1 март куни Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган фуқаролик миллий авиацияси институтида ҳудудида буюк астроном ва олим Мирзо Улуғбек ҳайкали ўрнатилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси матбуот хизмати.

2,4 метр баландликдаги бронзадан ясалган санъат асари нарпайлик ҳайкалтарош Умрзоқ Шарипов томонидан яратилган. Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 31 йиллиги доирасида Тулуза шаҳридаги ботаника боғи ҳудудида «Ўзбек боғи»нинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда 70 га яқин меҳмонлар, жумладан, Самарқанд вилояти ҳокимияти делегацияси, Тулуза шаҳри мерияси ва француз илм-фан ва маданият доиралари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси ва Окситания минтақасининг вице-президенти Надия Пеллефиг ҳамда ушбу минтақа иқтисодий ривожланиш агентлиги раҳбарияти, Тулуза мерияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди. Ташриф доирасида Airbus самолётсозлик заводига ҳам борилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париждаги Франция миллий тиббиёт институти академиясининг директорлар кенгаши тахт залида Абу Али ибн Синонинг бронза бюсти ўрнатилганди.